23.11.2016 4485

Ўзбекистонда асаларичиликни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди


Республикамизда асаларичиликни ривожлантириш, ушбу тармоқ корхоналарига юзага келаётган муаммоларни ечишда ёрдам бериш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқаручилар томонидан асал экспорт қилиш бўйича имкониятларни кенгайтириш мақсадида, 2016 йилнинг 23 ноябрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан “Асаларичилик: ҳолати, муаммолар ва истиқболлар” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

   

Мазкур тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад республиканинг қишлоқ ҳудудларида асаларичиликнинг жорий ҳолати ҳамда унинг янада ривожланиши истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, ушбу тармоқнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича мувофиқ таклифларни ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Қайд этиш керакки, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар бозорларнинг сифатли, ҳамёнбоп ҳамда витаминларга бой маҳсулотлар билан таъминланишига хизмат қилмоқда. Хусусан, жадал суръатларда ривожланиб келаётган асаларичилик соҳасида илғор тажрибалар қўлланилмоқда.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов ва сўзга чиққан бошқа иштирокчилар таъкидлаб ўтганидек, Ўзбекистон Ҳукумати томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар аҳолини зарур озиқ-овқат маҳсулотлар билан таъминлашнинг муҳим омили вазифасини ўтамоқда.

   

Айтиш зарурки, юртимизда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга қаратилаётган доимий эътибор натижаси ўлароқ, асаларичилик соҳаси тезкор суръатларда ривожланмоқда. Жумладан, ушбу доривор маҳсулотни етиштириш билан шуғулланаётган хўжаликлар ва тадбиркорларнинг сони тобора ортмоқда.

Шу билан бирга, асал ва ундан ишланган маҳсулотларга қайта ишлов бериш ишлари ҳам фаоллашмоқда. Асаларичлик ускуналарини ишлаб чиқарадиган, асални қайта ишлаб, қадоқлайдиган цехлар, ихтисослашган дўконлар ишга туширилмоқда. Тадбирда қайд этилганидек, асаларичлик хўжаликлари ва зооветеринария шахобчалари ўртасида тузилган шартномаларга биноан асалариларнинг касалланиши ҳолатларининг олди олинмоқда. Бу чораларнинг бари бозорларимиздаги мўл-кўллик ҳамда аҳоли фаровонлигининг янада ошишига хизмат қилмоқда.

   

Мамлакатимиз иқлими асал йиғиш учун қулай саналади. Шу боис, сўнгги йилларда соҳани ривожлантириш учун зарур имтиёзлар яратилмоқда. Шунингдек, асаларичилик билан шуғулланувчи тадбиркорлар ва фермерларнинг банк кредитлари билан таъминланишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик туфайли соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб қилиш, асаларичиликка ихтисослашган хўжаликлар сонини кўпайтириш, янги иш ўринларини яратиш, ички бозорни сифатли асал ва асал маҳсулотлари билан тўлдиришга доир имкониятлар кенгаймоқда.

Тадбирда тегишли вазирликлар ва идораларнинг вакиллари, асаларичилик соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, тармоқ уюшмалари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбати иштирокчилари соҳани ривожлантириш, мавжуд табиий ва технологик ресурслардан самарали фойдаланиш, мазкур йўналишдаги экспорт салоҳиятини ошириш ва қонунчилик базасини янада такомиллаштириш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашдилар.

ЎзССП Матбуот хизмати