30.11.2016 4041

ССПда «Ўзбекистонда иcсиқхона бизнеси: бугунги ҳолати, муаммолари ва истиқболлари» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди


Мазкур тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон иқтисодиётининг қишлоқ хўжалик секторида иссиқхоналар ҳиссасини ошириш, уларни замонавий муҳандислик воситалари ёрдамида ўсимликларни ўстиришда мақбул шароитлар яратиб беришда тўсқинлик қилаётган муаммоларни ҳал этишдан иборат бўлди.

Ўзбекистон миллий иқтисодиётининг барча тармоқларига оид устувор вазифалардан бири импорт ўрнини босувчи маҳаллийлаштирилган ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан иборат. Озиқ овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мамлакатимизнинг географик шароити ва узоқ йиллик аҳоли турмуш тарзидан келиб чиқиб энг муҳим секторлардан ҳисобланади. Ўзбекистон ахолисининг қарийб 60 фоизи қишлоқ аҳолиси ва қишлоқ хўжалиги фаолиятидан даромад олиш қишлоқ ҳудудларида яшовчи инсон салоҳиятининг ривожланишида устувор йўналиш ҳисобланади. Ер майдонларининг чегараланганлиги ва бошқа турдаги юқори қўшимча қийматли қишлоқ хўжалиги фаолиятининг бошқа турларини ҳисобга олган ҳолда иссиқхона сабзавотчилигини ривожлантириш ғояси таклиф қилинади ва у қишлоқ хўжалигига бир вақтнинг ўзида бир қанча фойда келтира олади, хусусан: яхши фойдадорлик, бир маромдаги овқатланиш ва чорвачилик маҳсулотларига боғланиб қолишни пасайтиришни кўрсатиш мумкин.

    

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда асосан кичик ҳажмли, майдони 6 гектардан иборат бўлган иссиқхона комбинатлари қурилган, бундан ташқари, бизнинг республикамизда оилаларимизни сабзавот маҳсулотлари билан таъмин этиш ва тижорат мақсадида турли кичик ҳажмдаги 50 м2 дан 500 м2 гача майдонга эга бўлган иссиқхоналар кўплаб қурилмоқда.

Сабзавот етиштиришда иссиқхоналар самарадорлигини ошириш, уларда экиладиган навларни кўпайтириш, янги навлар ва қулай бўлган парваришлаш усулларини қўллашга боғлиқ.

Кейинги йилларда Ўзбекистон сабзавот-полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институтида иссиқхоналарда экиш учун помидорнинг янги навлари яратилиб, уларнинг уруғларини тайёрлаш йўлга кўйилган бўлиб, иссиқхона комбинатларини уруғ билан таъминлаш имконига эгадир.

    

Вилоятларида одатий иссиқхоналарга табиий газнинг узатилишда узилишлар ва тўхталишларнинг бўлиши оқибатида иссиқхоналарни иситишда кўп миқдорда кўмир ва ўтиндан фойдаланилди, бу эса қишлоқ жойларида экология ҳолатининг бир ҳисса ёмонлашувига сабаб бўлди. Узлуксиз табиий газ билан иситилмайдиган каркас-плёнкали иссиқхоналарнинг эса самарадорлиги паст бўлиб, 1 ар майдонга эга бўлган битта иссиқхона 1 қишнинг 3 ойи мобайнида иссиқ сақлаш учун 3-4 тонна кўмир сарфланар экан. Шунга кўра 7000 ар майдонли иссиқхона йилига 21000 дан 28000 минг тоннагача кўмирни талаб этади. 1 кг кўмирни ёқишда 5 кг кислород сарф қилинишини ҳисобга олсак, юқоридаги ҳолат 105 дан 120 минг тоннагача бўлган кислород сарфини келтириб чиқаради. Кўмирнинг ёниши оқибатида 140 минг тонна карбонат ангидрид гази ва олтингугурт диоксиди атмосферага чиқариб юборилади ва бу иссиқхонага яқин бўлган ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолининг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Кўмирдан фойдаланиш ҳозирги кунда энг зарарли саноат жараёнларидан бири бўлиб қолмоқда. Шунга мувофиқ тарзда, иссиқхона хўжаликларида етиштириган маҳсулотларнинг баҳоси, қўшни мамлакатларга қилинадиган экспорт ҳажмининг кичиклигига қарамай, ўтган йилларга бир неча баробарга кўтарилди.

Тадбирда тармоқ вазирликлари ва идораларининг етакчи мутахассислари, Ўзбекистонда иссиқхона тадбиркорлиги секторига оид лойиҳаларни амалга ошираётган халқаро ташкилотларнинг экспертлари, ЎзССПга аъзо-тадбиркорлар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир якунлари бўйича иқтисодиётнинг  агро секторини ривожлантириш ва унда исссиқхоналарнинг ролини оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни ҳал этишга доир тавсиялар ишлаб чиқилди.

ЎзССП Матбуот хизмати