01.12.2016 1422

Нукус шаҳрида “Бизнес режа ва техник иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди


Жорий йилнинг 24-25 ноябрь кунлари Нукус шаҳрида МТP лойихаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳузуридаги «QARAQALPAQ BIZNES TA’LIM » ўқув маркази томонидан “Бизнес режа ва техник иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ушбу ўқув семинарида МТP лойихаси экспертлари Яннис Зервас ва Қаҳрамон Шакировлар қатнашишди. Ўқув семинарига Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Расул Зарикеев ва бошқарманинг Ишлар бошқармаси бўлими бошлиғи Қуаныш Азербаевлар тренерлик қилди. Ўқув семинари тадбиркорлар, олий ўқув юрти талабалари ва қизиқиш билдирган ёшлар иштирокида ўтказилди.

          

Мазкур ўқув семинари доирасида иштирокчиларга бизнесни режалаштириш, шу жумладан, ишлаб чиқариш режаси, маркетинг ва стратегия, ташкилий режа, молиявий режа мавзуларида чуқурлаштирилган маърузалар ўтилди. Шунингдек, бизнес режа тузиш, бизнес режанинг мақсади, бизнес режани тузишда нималарга аҳамият бериш кераклиги, бизнес режа тузилмаси ва уни расмийлаштиришдаги талаблар, конфиденциаллик меморандуми, тадбиркорнинг фаолият доираси, маҳсулотни тарифлаш, ишлаб чиқариш ҳаражатлари, ишлаб чиқаришга оид бўлмаган ҳаражатлар, доимий ва ўзгариб турувчи ҳаражатлар тушунчаси, маркетинг ва маҳсулотни сотиш жараёни, компаниянинг маркетинг мақсадлари, маркетинг воситалари, маркетинг режасини ташкил этувчилар, маҳсулот нархини қандай белгилаш кераклиги, маҳсулот сотишдан тушган тушимни қандай ҳисоблаш кераклиги, фойдани ҳисоблаш, солиқлар, жалб этилган кредитлар бўйича тўловларни қандай қоплаш кераклиги ҳакида кенг тушунчалар берилди.

Шунингдек, семинар давомида иштирокчиларга  тадбиркорлик субъекти сифатида қаерда рўйхатдан ўтиш кераклиги, яъни, «Бир дарча» марказларининг 16 ҳилдаги хизматлари тўғрисида, солиқ ставкалари тўғрисида ва ҳозирги кунда тадбиркорлик субъектларига давлатимиз томонидан яратилган қулайликлар ва имтиёзлар тўғрисида кенг турда тушунтиришлар берилди.

Семинар-тренинг давомида иштирокчиларни қизиқтириш ва уларнинг ўқув жараёнида олган билимларини текшириш мақсадида ҳар ҳил амалий машғулотлар ўтказилди.

Иштирокчиларга  ташкилотчилар томонидан  бизнес режа тузишнинг тартиб қоидалари жамланган «Бизнесни режалаштириш» деб номланган ўқув қўлланмалари берилди.

Тадбир сўнгида иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан сертификатлар топширилди.

ССП Матбуот хизмати