02.12.2016 5583

“DEMO DAY”ДА13ТА ТАЛАБАЛАР ЖАМОАСИНИНГ СТАРТАП-ЛОЙИҲАЛАРИ ТАҚДИМ ЭТИЛДИ


«Demo Day» - бу уч ойлик дастурнинг якуний тадбири бўлиб, унда финалга етиб борган иштирокчилар келгусида ҳамкорликни йўлга қўйиш учун салоҳиятли инвесторлар ва манфаатдор ташкилотларга ўзларининг стартап-лойиҳаларини тақдим этдилар.

Инновациялар диверсификацияланган ва рақобатбардош иқтисодиётни қуриш йўлида асосий ўрин тутади. Ўзбекистонда ҳам шаклланиб бораётган кичик инновацион компаниялар ва стартап-ҳаракатлар инновацияларни ривожлантириш ва жорий етишнинг ҳаракатга келтирувчи кучига айланмоқда.

Бугунги кунда яқинда ташкил топган ва ривожланиш босқичида турган ёш компаниялар стартап деб номланади. Одатда, стартап-лойиҳаларнинг замирида аҳоли ёки ташкилотларнинг эҳтиёжларини янги, аввал мавжуд бўлмаган шаклда қондирилишига қаратилган янгилик ғояси туради.

Стартаплар бизнеснинг турли соҳаларида яратилишига қарамай, ахборот технологиялари соҳасидаги лойиҳалар кўпроқ оммалашган. Йирик молиявий инвестицияларни талаб етмайдиган, замонавий технологияларга асосланган, шунингдек, Google, Facebook каби жадал ўсиб бораётган корпорацияларга айланиш имкони бўлган IT -стартаплар тобора кўпроқ ташаббускор, ижодкор ёшларни ўзига жалб қилмоқда.

Жаҳон тажрибасига кўра, стартапларнинг муваффақиятли ривожланиши самарали иқтисодий сиёсатнинг мужассамлиги, давлат-хусусий шериклигининг қўллаб-қувватланиши, маҳсулотни илгари суриш ва илмий-тадқиқот фаолиятидан тортиб то иқтисодиётнинг тармоқларида янги технологик инновацияларни жорий етишгача бўлган турли йўналишларда қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга оширишда ёрдам кўрсатилишига асосланади.

Мисол тариқасида Bloomberg глобал инновациялар индексидаги инновацион давлатлар рейтингида бешинчи ўринни эгаллаб турган Исроил инновациялар экотизимининг ноёб тажрибасини келтириш мумкин. Бундан жадаллашувга Исроилнинг ҳукумат дастурлари имкон яратиб берган бўлиб, улар хусусий инвестициялар оқимини рағбатлантириб, салмоқли солиқ имтиёзлари, шунингдек, лойиҳаларни бевосита молиялаштиришда давлат иштирокини таъминлаб беради.

Ёшлар стартап-ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастури Ўзбекистонда давлат сектори ҳамкорлигида ташкил этилган биринчи ташаббус бўлди. Ушбу дастур Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТТД ўртасидаги “Ўзбекистон бизнес-форуми (3-босқич)” қўшма лойиҳа доирасида амалга оширилмоқда. Лойиҳа мутахассислари мазкур соҳадаги халқаро тажрибани ўрганиб, стартапни ғоядан тортиб то «seed funding», яъни лойиҳани ишга тушириш учун “экиладиган” инвестицияларни жалб қилиш босқичигача ривожлантириш учун методик базани ишлаб чиқдилар.

Дастур пойтахтдаги олий ўқув юртларининг талабалари ва профессор-ўқитувчилар жамоалари учун мўлжалланган. Бу табиий, чунки олий ўқув юртлари ташаббускор, истеъдодли ёшларнинг “хаби” ҳисобланиб, унда ноёб инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар маҳсул бўлади.

Дастурга саралаб олиш жараёни жорий йил аввалида бошланган. Дастур бошланганлиги ҳақидаги эълон чиққанидан сўнг бир ой давомида Тошкент шаҳри ва Ўзбекистон вилоятларидаги 33 та олий ўқув юртидан 308 та ариза қабул қилинди. Дастлабки саралаш натижаларига кўра, 196 та лойиҳа эгалари интервьюдан ўтказилиб, улардан 66 таси лойиҳаларни тақдим этиш кўникмаларини ривожлантириш бўйича семинарларда иштирок этдилар ва индивидуал трекерлар билан иш олиб бордилар. 57 та лойиҳа финал босқичдан ўтиб, экспертлардан иборат кенг аудитория олдида тақдимотлар ўтказдилар. Вазирликлар ва идоралар, давлат муассасалари, хусусий сектор, ННТ соҳасидан таклиф этилган экспертлар қўллаб-қувватлаш дастурига лойиҳаларни саралаш ва уларни ривожлантириш бўйича ўз тавсияларини бердилар.

Дастурнинг асосий мақсади университетларда тажрибани янада ошириш ҳамда олий ўқув юртларининг хусусий сектор билан ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштириш учун ёшларда IT-лойиҳалар билан ишлаш тамойилларини ривожлантиришдан иборат бўлди.

Ёш стартапларни “тежамкор стартап” (Lean Startup) методологиясини тушунтириш, стартапни ривожлантириш ва бизнесга айлантириш асосларини ўргатиш билан боғлиқ бой дастур қамраб олди. Тадбиркорлик соҳасидаги експертлар иштирокида ўтган семинарлар чоғида дастур иштирокчилари тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш, солиққа тортиш, веб ва мобил иловаларни ишлаб чиқиш, стартапни илгари суриш ва ривожлантиришга оид стратегияни ишлаб чиқишга доир масалаларни ўргандилар. Иштирокчилар шахсий мураббийлар раҳбарлиги остида лойиҳаларнинг гипотезаларини яратиб, синовдан ўтказдилар, ўз маҳсулотлари/хизматларининг минимал ишчи моделини яратиб, дастлабки сотувларни амалга оширдилар.

Натижада, Лойиҳалар дастурига саралаб олинган 33 та лойиҳадан 13 таси финалга чиқиб, ўз лойиҳасини «Demo Day» тадбирида тақдим этиш имкониятини қўлга киритди. Дастур финалчилари таркибидан таълим, соғлиқни сақлаш, мода, умумий овқатланиш, молиявий ва жамғарма тизимларини яратиш, транспорт хизматларини ривожлантириш соҳасидаги лойиҳалар ўрин олди.

Ёш авлоднинг тадбиркорликни ривожлантиришдаги иштироки унинг инновацион йўналишини кучайтириш, шунингдек, фаол ёшлар ижодини рағбатлантириш имконини беради. Шу маънода, ёш тадбиркорлар томонидан яратилаётган стартапларни шакллантириш ва ривожлантиришга салмоқли ўрин ажратилаётган бўлиб, улар янги илғор ғояларни такомиллаштириш қаторида, миллий иқтисодиёт секторларининг рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш ва мамлакатимизнинг инновацион салоҳиятини ошириш имкониятини беради.

Қўллаб-қувватлаш дастури - технологик тадбиркорликни ривожлантиришнинг янги ва истиқболли модели бўлиб, ғояларни муваффақиятли старптапларга айлантиришда ёшларни қўллаб-қувватлаш учун яратилган. Ўз навбатида, дастур муваффақиятининг тарихи - нафақат янги иш ўринлари, инновациялар ривожланиши, балки тадбиркорлик маданиятини илгари суриш ва янги ғояларни амалга оширишда кўпроқ ёшларни жалб қилиб, охир-оқибат, мустақил стартапларини яратиш имконидир.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ташаббус янги иш ўринларини яратиш, ёшлар бандлигини ошириш ва аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган инклюзив бизнес-моделларни илгари суришга оид ишлар доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТТД ўртасидаги “Ўзбекистон бизнес-форуми (3-босқич)” қўшма лойиҳаси томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳани молиявий қўллаб-қувватлаш «Сасол» компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги елчихонаси ҳамда Йевропа Иитифоқининг “Менежментни ўқитиш дастури (МЎД) - Ўзбекистон Республикасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналари раҳбарларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш” лойиҳаси томонидан амалга оширилмоқда.

 

 

 

 

ЎзСCП Матбуот хизмати