21.12.2016 4871

Қулай ишбилармонлик муҳити – аҳоли бандлигида муҳим омил


 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида аҳолининг иш билан бандлигидаги сифат ўзгаришлари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Меҳнатга лаёқатли ёшга етмаганлар 1990 йилда мамлакатимиз аҳолисининг 42,9 фоизини ташкил этган бўлса, 2015 йилга келиб бу кўрсаткич 30 фоизни ташкил қилган. Меҳнатга лаёқатли ёшдагилар эса мос равишда 49 фоиздан 61 фоизгача ошган. 

Меҳнат бозоридаги мувозанатнинг барқарорлигини сақлаш ва фуқароларнинг бандлигини таъминлаш борасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида ҳар йили Олий Мажлис палаталари томонидан аҳоли бандлиги дастури тасдиқланиб, амалга татбиқ қилинмоқда. 

Иқтисодиётни таркибий ўзгартириш сиёсатини босқичма-босқич амалга ошириш натижасида бандликнинг соҳалар бўйича таркибида ижобий тенденциялар кузатилмоқда. 1991 йилда иш билан банд бўлганларнинг 42 фоизи қишлоқ хўжалигида фаолият кўрсатган бўлса, сўнгги йилларда хизмат кўрсатиш ва транспорт соҳаларида банд бўлганлар қарийб 50 фоизга етган. 

Аҳоли бандлигидаги кузатилаётган сифат ўзгаришларида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳани жадал ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Иқтисодий ўсишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида хусусий тадбиркорлик юқори ўсиш суръатларига эришиш ва иқтисодиётни жадал диверсификациялашда муҳим роль ўйнади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистонда хусусий тадбиркорлик деярли бўлмаган. Бугунга келиб мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ярмидан кўпи кичик бизнес соҳасида яратилмоқда. Ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг 40 фоизидан ортиғи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи шу соҳа ҳиссасига тўғри келмоқда. 

Бугунги кунда иш билан банд аҳолининг 78 фоизи хусусий секторда меҳнат қилаётгани, аҳоли жами даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромадларнинг улуши 52 фоиздан ошаётгани соҳанинг аҳамияти салмоқли бўлаётганидан далолат беради. 

Ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш, кичик бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожланишини рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасида 2016 йилнинг 11 ойи давомида 29,2 мингта янги кичик бизнес субъекти рўйхатга олинди. Уларнинг кўпчилиги саноат ва қурилиш соҳасига тааллуқлидир. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонининг аҳамияти алоҳида қайд этилди. 

– Мазкур ҳужжат хусусий мулк ҳимояси кафолатларини янада кучайтириш, тадбиркорлик ривожи йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, давлат органлари мансабдор шахсларининг улар фаолиятига тўсқинлик қилгани ва ноқонуний аралашуви учун жавобгарлик муқаррар эканини таъминлашга қаратилган, – дейди Иқтисодиёт вазирлиги бошқарма бошлиғи Д.Абдуазизов. – Фармон билан бешта устувор йўналиш бўйича 42 аниқ чора-тадбирни амалга оширишни назарда тутувчи дастур тасдиқланди. 

Фармон доирасида янги қонунлар, жумладан, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида», «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида», «Давлат харидлари тўғрисида» ва «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонунлар, шунингдек, соҳани янада ривожлантиришга қаратилган 30 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. 
 

Манба: uza.uz