18.01.2017 2903

Мутахассислар Ўзбекистон ЭИЗ салоҳиятини муҳокама этишди


2017 йил 18 январь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан янги юқори технологик ишлаб чиқаришларни яратиш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинишини кенгайтириш, республика ҳудудларини замонавий рақобатбардош экспортга йўналтирилган тайёр саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга фаол жалб этишнинг энг муҳим омили сифатида республикадаги эркин иқтисодий зоналарни янада ривожлантириш учун максимал даражада қулай шароитларни яратиш мақсадида, мувофиқ давлат органларининг вакиллари ва манфаатдор тадбиркорлик субъектлари иштирокида видеоконференция ўтказилди.

   

Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январда қабул қилинган ““Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Хазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонини ижро этишга доир масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, ЭИЗ ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни аниқлаш ва ЭИЗ фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Қайд этиш керакки, ушбу Фармон ташқи бозорлар талабидан келиб чиққан ҳолда, юқори қўшимча қийматга эга рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини таъминлайдиган минерал-хомашё ва қишлоқ хўжалиги ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароитларни шакллантириш, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятларидан комплекс ва самарали фойдаланиш, ушбу асосда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида имзоланди.

   

Ҳужжатга биноан, “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Хазорасп” эркин иқтисодий зоналарининг келгусида муддатни узайтириш эҳтимоли билан 30 йил мобайнида фаолият юритиши кўзда тутилган. Ушбу давр ичида зоналарда алоҳида солиқ ва божхона имтиёзлари амал қилади. Шунингдек, ЭИЗ ҳудудларида логистика марказлари ва божхона постларининг қурилиши режалаштирилган. Янги ишлаб чиқаришларнинг мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, гиламчилик, пойафзал ва тери-чарм, экологик хавфсиз кимёвий, фармацевтик, озиқ-овқат, электр-техника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ва бошқа шу каби соҳаларга қаратилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, тадбирда таъкидланганидек, “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Хазорасп” эркин иқтисодий зоналари фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари сифатида ташқи бозорларда талаб этилган ва юқори қўшимча қийматга эга импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришга оид замонавий корхоналарни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш; Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятларидан комплекс ва самарали фойдаланилишини таъминлаш; мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, гиламчилик, пойафзал ва тери-чарм, экологик хавфсиз кимёвий, фармацевтик, озиқ-овқат, электр-техника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда янги замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш; эркин иқтисодий зоналар ва умуман республикадаги корхоналар ўртасида яқин кооперация алоқаларини ўрнатиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш асосида маҳаллий хомашё ва материаллар негизида юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш; халқаро стандартларга мувофиқ равишда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаш ва маркировкалаш бўйича илмий-ишлаб чиқариш марказларини яратиш ва уларнинг қарорлари халқаро тан олинишини таъминлашга доир чораларни амалга ошириш ва бошқалар белгиланган.

   

Қўшимча қилиш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистонда учта иқтисодий зона – “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” махсус индустриал зонаси ва “Жиззах” махсус индустриал зонаси фаолият юритмоқда.

ЎзССП Матбуот хизмати