26.01.2017 2639

Иқтисодиётнинг жадал ривожланишини таъминлаш — асосий мақсад


Маълумки, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси давом этмоқда.

Шу кунларда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан ташкил этилган медиа-майдонда мазкур дастуриламал ҳужжат лойиҳасининг асосий йўналишлари бўйича маърузалар тақдимоти бўлиб ўтаяпти, экспертлар билан интервьюлар, маслаҳатлашувлар ташкил қилинаётир.

Медиа-ҳафталикнинг учинчи кунида иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди. Медиа-майдонда давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари журналистлари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, хусусий бизнес ва тижорат банклари ходимлари ҳозир бўлишди.

Қайд этилганидек, Ҳаракат стратегиясининг учинчи устувор йўналиши иқтисодиётнинг очиқлиги ҳамда рақобатдошлигини ошириш, иқтисодий мустақилликни кучайтириш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, етакчи ишлаб чиқариш тармоқларини модернизация ҳамда фаол диверсификация қилиш, молия-банк соҳасини тубдан ислоҳ этиш, хусусий мулк ва тадбиркорликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ташқи иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, туризм тармоғини самарали ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш мақсадларига қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари, Солиқ академияси ректори Э. Гадоев солиқ юкини камайтириш ҳамда солиққа тортиш тизимини соддалаштиришни давом эттириш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва рағбатлантиришнинг тегишли чораларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирларнинг мазмун-моҳиятига батафсил тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, тадбиркорлик субъектлари учун солиқ имтиёзлари тизимини кенг қўллаш мамлакатимиз иқтисодиётида нодавлат секторнинг роли янада ошишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки департаменти директори ўринбосари Ж. Абдурасулов иштирокчилар эътиборини халқаро тажрибалар асосида илғор стандартлар ва усулларни қўллаш йўли билан пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш, миллий валюта ва ички бозорда нархларнинг барқарорлигини таъминлаш масалаларига қаратди. Таъкидланганидек, валютани тартибга солишнинг, миллий валюта эркин конвертация қилинишини таъминловчи миллий -валюта қийматини шакллантиришнинг илғор бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилаяпти. Марказий банк вакили иштирокчиларнинг пластик карточкалар, банклараро нақдсиз пул ўтказмалари ва бошқа масалалар юзасидан саволларига жавоб берди.

Ҳаракат стратегияси лойиҳасида макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, қабул қилинган ўрта муддатли дастурлар асосида макроиқтисодий мувозанатни, таркибий ва институционал ўзгартиришларни чуқурлаштириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг юқори ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича ҳам комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган. Иқтисодиёт вазири ўринбосари Ш. Исмоиловнинг маълум қилишича, мамлакатимизда минерал ресурслар ва хом ашёни чуқур қайта ишлаш саноатни ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири саналади. Рангли ҳамда қора металлургияни қайта ишлаш, кимё, нефть-кимё, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида 8 та тармоқ дастури қабул қилинди. Бунда келгуси беш йилда жами 40 миллиард АҚШ долларилик 600 дан зиёд инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.

— Ҳаракат стратегиясидаги устувор йўналишларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ишбилармонлик муҳитини яхшилашга, солиқ юкини енгиллаштиришга ва банкларнинг кредит сиёсатини такомиллаштиришга хизмат қилади, — деди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакили А. Икромов. — Инвестицияларга оид учта қонунни қайта кўриб чиқиш ҳамда яхлит ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш кўзда тутилмоқда. Бу ҳуқуқий нормаларни унификациялаштириш имконини беради. Кичик бизнесни ривожлантириш, экспортни кенгайтириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилади. Валюта тушумини мажбурий сотишни босқичма-босқич бекор қилиш назарда тутилаяпти. Ушбу вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда нафақат хорижлик инвесторлар, айни пайтда маҳаллий тадбиркорлар учун ҳам қулай бизнес муҳитини яратади.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари Ш. Тешаев қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш бўйича қабул қилиниши кутилаётган дастурнинг асосий йўналишлари ҳақида тўхталиб ўтди. Бу фермер хўжаликларини ривожлантириш ҳамда улар фаолияти учун қулай шароит яратиш, нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни, айни пайтда уларни қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш билан шуғулланадиган кўп тармоқли фермер хўжаликларини кенгайтиришга қаратилган. Дастурда кўзда тутилган чора-тадбирлар мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга, ички бозорни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдиришга, соҳада экспортни кенгайтиришга, янги иш жойларини ташкил этишга, аҳоли фаровонлигини оширишга йўналтирилган.

Ҳаракат стратегиясининг учинчи устувор йўналишида белгиланган мақсад ҳамда вазифалар очиқ амалий мулоқот шаклида ўтган муҳокамаларда кўриб чиқилди. Лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар, фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.

Шунингдек, лойиҳа жойлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таъсирини баҳолаш тизими порталига (https://regulation.gov.uz) ҳам асосли таклиф ва мулоҳазалар келиб тушмоқда. Бугунги кунда уларнинг сони 900 тага яқинлашди.

Манба: xs.uz