17.03.2017 3140

«AGRO FOOD FORUM 2017” Халқаро форумига таклиф этамиз


Республикамизда озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлашни янада кенгайтириш, озиқ-овқат саноатида кичик лойиҳаларни кўпайтириш, ишлаб чиқаришга мева-сабзавотни қайта ишлайдиган замонавий ва юқори сифатли асбоб-ускуна ва мини-технологияларни жорий этиш мақсадида “General Machinery Group” компанияси томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда 2017 йил 1 апрель куни соат 11-00 да “Зарқайнар” Модалар уйи галереясида “Agro Food Forum 2017” Халқаро форуми ўтказилади.

Мазкур Форум “Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари – жаҳон бозорида” мавзусида ўтказилиб, ундан кўзланган асосий мақсад қуйидагилардан иборатдир:

- республикамиз тадбиркорлик субъектларини мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш борасида замонавий технологиялар билан яқиндан таништириш;

- озиқ-овқат саноатида ишлаб чиқаришни ташкил этишда юқори сифатни таъминлаш;

- маҳсулотларни юқори сифатли бўлиши ва экспорт бозорларга етказиб бериш имкониятлари билан таништириш;

- қайта ишлаш ускуналарини тўғри танлаш ва самарали эксплуатация қилиш;

- республикамизда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ошириш ва озиқ-овқат ҳавфсизилигини таъминлаш.

Мазкур тадбирга ҳудудлардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган фермер хўжаликлари, агрофирмалар, қайта ишловчи кичик саноат корхоналари ҳамда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи ихтисослашган корхоналар таклиф этиладилар.

Тадбир ўтказиладиган манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зарқайнар кўчаси, 1-уй. “Зарқайнар” Модалар уйи галереяси (мўлжал: Чорсу майдони).