16.06.2017 832

Тадбиркорлик субъектлари учун навбатдаги семинар-тренинг


Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги қонунига кўра, тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай муҳитни шакллантириш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий шароитларини яхшилашга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш чора-тадбирларини кўриш, шу жумладан тадбиркорларни давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари билан муносабатларда, шунингдек судда ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш вазифалари юклатилган.

Мазкур вазифалар доирасида Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги назорат қилувчи органларнинг текширувлари мониторинги юритилиб, тадбиркорларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилиб келинмоқда. Мазкур ишларни амалга ошириш, хусусан тадбиркорлик субъектлари вакилларига зарурий тушунтириш ва маслаҳатлар беришда Палата иштирокини таъминлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаларда беъвосита текширишлар билан шуғулланувчи маъсул ходимлар тайинланган.

Статистик натижаларга кўра, биргина 2017 йилнинг биринчи чорагида 359 та тадбиркорлик субъектлари фаолиятида бўлиб ўтган текширувлар Савдо-саноат палатасининг диққат марказида бўлди. Бу, Назорат қилувчи органлар томонидан тасдиқланган режали текширишлар дастуридаги 471 та корхонанинг 76 фоизига тенг бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида режали текширувга тушган тадбиркорлик субъектларида мониторинг ўтказишни қамраб олиш 100 фоизни ташкил этган.

Мониторинг ишлари давомида тадбиркорларни ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш, уларга текширув тартиблари, текширув жараёнида эътибор қаратилиши зарур бўлган ҳолатлар ва умуман фаолиятни тўхтаб қолишига таъсир кўрсатувчи омиллар тўғрисида маслаҳатлар бериб келинмоқда.

Шу каби ишлар доирасида, жорий йил 15 июнь куни “Karamatov va Advokatlar” Адвокатлик фирмаси ҳамкорлигида тадбиркорлик субъектлари учун навбатдаги семинар-тренинг ташкил этилди. Иштирокчилар таркиби биринчи навбатда фаолиятида режали текшириш ўтказилиши режалаштирилган, шунингдек текширув ўтказилаётган хўжалик юритувчи субъектлари асосида шакллантирилади.

Тадбир Палата Ижро этувчи қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий бошқармалари биноларида видео-конференция алоқаси ёрдамида тадбиркорлик субъектлари иштирокида бўлиб ўтди.

Унда мутахассислар томонидан мавжуд қонунчилик ва амалиётдан келиб чиқиб, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши томонидан жорий йил учун тасдиқланган текшириш режа дастурига киритилган тадбиркорлик субъектлари мисолида текширувларга тайёргарлик кўриш бўйича тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.

Қолаверса, давлат назорат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари режали текширувга келганларида тадбиркорлик субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилаётган фаолиятига аралашиш ёки тўхтатиб қўйишга ҳақли эмаслиги, тадбиркорлик субъектида олиб бориладиган текширувга келган ходимлар қандай расмий ҳужжатларни тақдим этишлари шартлиги, улар томонидан корхона ходимлари билан суҳбатлар, тушунтириш хатлари, тилхатлар ва бошқа шунга ўхшаш ҳаракатларни амалга ошириш усуллари батафсил очиб берилди, шунингдек тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди.

Тадбир самарасини баҳолаш бўйича йиғилиш иштирокчилари ўзларида бўлиб ўтадиган режали текширишлар натижасини Савдо-саноат палатасига маълум қилишлари ва зарур ҳолда Палатадан кўмак олиш учун мурожаат қилишлари таъкидланди. Бундай тадбирларни давомли тарзда ташкиллаштириб бориш тадбиркорлар томонидан мақулланди.

ЎзССП ахборот хизмати