20.06.2017 3828

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг навбатдан ташқари Қурултойи


Жорий йилнинг 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг навбатдан ташқари Қурултойи бўлиб ўтади. Кун тартибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.06.17 даги ПФ-5087-сонли “Тадбиркорлик фаолияти ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва бизнеснинг қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда 19.06.17 даги ПҚ-3068-сонли “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг мазмун моҳияти, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти тавсиясига кўра Савдо-саноат палатаси Ижро этувчи қўмитаси раисини шунингдек, раис ўринбосарларини сайлаш масалалари кўйлди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишига доир ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ижро этиш, жумладан бизнес-жамият ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқот  и соғлом ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш, вилоятлар ва туманларда бизнес-муҳитни такомиллаштириш масалалари бўйича шунингдек, тадбиркорлик субъектларига, аввало вилоятлар, шаҳарлар ва туманларда сифатли давлат хизматлари тақдим этилишини таъминлаш давлат органлари ва тадбиркорлик тузилмаларининг ўзаро ҳамкорлиги, тадбиркорлик субъектларини, айниқса фаолиятларини бошлаган даврларида қўллаб-қувватлашнинг тамойилан янги самарали тизими яратилишини тақозо этади.

Юқорида кўрсатилган вазифаларнинг ҳал этилиши нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланиб, мақоми, йўналиши, фаолияти кўлами ва мулк шаклидан қатъий назар тадбиркорлик субъектларини бирлаштириб турувчи Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан таъминланиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабул қилинган Фармони, аввало, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятининг устувор вазифалари ва асосий йўналишларини тубдан қайта кўриб чиқиш орқали тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш, манфаатлари ва ҳуқуқларини тақдим этишнинг янги механизми жорий этилишига қаратилган. Хусусан:

  1. тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида – ваколатли органлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ҳолатини таҳлил қилиш, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонунчилик ижро этилиши устидан жамоат назоратини амалга ошириш, давлат органлари, жумладан судларда тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини тақдим этиш, шунингдек жамоат ҳимоячилари сифатида жиноий ишлар бўйича амалиётда иштирок этиш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган.
  2. ишбилармонлик муҳитини ва инвестициявий иқлимни яхшилаш соҳасида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш бўйича давлат дастурлари, ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш, тадбиркорлик тузилмалари билан бирга меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизасини, жумладан эксперт кенгашларини ташкил этиш орқали амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлаш каби масалаларда Палатанинг фаолиятининг жадаллаштириш кўзда тутилган.
  3. тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасида – тадбиркорлик субъектларига ташқи бозорларга чиқишни ташкил этиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, инновацион ечимлар ва замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек инвестициявий ва ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этиш бўйича амалий кўникмаларни ўзлаштиришга кўмаклашишга доир чора-тадбирларнинг амалга оширилиши кўзда тутилган.
  4. тадбиркорларни ўқитиш ва кадрларни тайёрлаш соҳасида - Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Республика тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш маркази ва унинг ҳудудий филиаллари билан ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш, бизнес юритиш, бизнес-режаларни ишлаб чиқиш, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонунчилик, менежмент, молиявий бошқарув ва бошқа зарур фанлар асослари ўқув курсларини ишлаб чиқиш ва таълимни ташкил этиш кўзда тутилган.
  5. давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик соҳасида Палата зиммасига тадбиркорлик субъектлари билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек жойлардаги барча даражали давлат ҳокимияти органлари ўртасида ўзаро муносабатларни самарали ташкил этишга кўмаклашишга доир ишларни амалга ошириш, “тўғридан-тўғри ва тескари алоқа” тамойили бўйича ўзаро ҳамкорликнинг амалий ва самарали механизмини яратиш юкланади.
  6. ташқи иқтисодий фаолият ва инвестицияларни жалб қилиш соҳасида – республикадаги тадбиркорлик субъектларининг халқаро ишбилармонлик жамиятига интеграллашиши, маҳаллий ташкилотлар маҳсулотларининг ташқи бозорларга чиқарилиши, миллий брендларнинг хорижда фаол илгари сурилиши, бизнес-форумлар, кўргазмалар ва ярмаркаларни ташкил этиш ва ўтказиш орқали маҳаллий ва хорижий инвестицияларнинг, жумладан замонавий технологияларнинг жалб этилиши, уларда маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг кенг иштирокини таъминлаш бўйича вазифалар юкланади.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси шунингдек, юқорида саналган вазифаларни амалга ошириш учун республиканинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналаридаги савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг чет элдаги ваколатхоналари билан фаол ўзаро ҳамкорлик қилиш орқали ташкил этилган кичик саноат ва эркин иқтисодий зоналарда ички ва ташқи бозорларда талаб катта бўлган, рақобатбардош маҳсулотни ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этишга оид лойиҳаларни амалга ошириш доирасида тадбиркорлик субъектлари, жумладан хорижлик инвесторларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабул қилинган “Бизнеснинг қонуний манфаатларини давлат томонидан ҳимоя қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони тадбиркорлик фаолияти ривожланиши ва бизнеснинг қонуний манфаатлари муҳофазасини изчил ва тубдан такомиллаштириш томон қаратилган йўналишни давом эттирган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятининг тубдан такомиллаштирилишини назарда тутади.

Хусусан, Савдо-саноат палатаси фаолиятининг аниқ стратегик вазифалари ва йўналишлари тубдан қайта кўрилиб, янгидан белгиланган бўлиб, уларга мувофиқ асосий эътибор тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари муҳофазаси, ишбилармонлик ҳолати ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, тадбиркорлик субъектларини ўқитиш ва кадрларни тайёрлаш, ташқи иқтисодий фаолият ва инвестицияларни жалб қилиш соҳаларида фаолиятни ташкил этишга қаратилади.

Тақдим этилган қўшимча ҳуқуқлар, вазифалар ва ваколатларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг маъмурий-бошқарув тузилмаси ҳам тўлиқ қайта кўриб чиқилди.

Хусусан, Савдо-саноат палатаси таркибида вилоят марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳрида, туманлар ва шаҳарлардаги бўлимлар билан бирга Тадбиркорликка кўмаклашиш марказларининг ташкил этилиши кўзда тутилган бўлиб, уларнинг фаолияти давлат органлари ва бозор инфратузилмаси субъектларининг хизматлари, бизнес-хизматлардан бир жойда фойдаланиш учун зарур шароитлар яратиш ва имкониятларни тақдим этиш орқали тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Шу бир қаторда, юқорида кўрсатилган Президент ҳужжатларида белгиланган Палатанинг вазифалари ва функциялари самарали, сифатли ижро этилишини таъминлаш мақсадида, Палата ходимларининг штати уч баробарга оширилади (435 тадан 1649 тагача), шунингдек иккита янги раис ўринбосарлари лавозими таъсис этилди.

Қабул қилинган чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари муҳофазаси кафолатлари кучайишини таъминлаш, бизнесни ташкил этиш ва юритишда ҳар томонлама кўмак кўрсатиш, сифатли давлат хизматларини тақдим этиш, шунингдек бизнес-муҳитни такомиллаштириш масалалари бўйича тадбиркорлар билан ахборот алмашинувининг самарали каналини жорий имконини бериб, мамлакатимизда хусусий мулк ва тадбиркорликнинг янада ривожланиши, чет эл инвестицияларининг кенг жалб қилиниши ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорларга чиқишига хизмат қилади.

ЎзССП ахборот хизмати