10.07.2017 2695

Савдо-саноат палатаси: тадбиркорлик ривожида янгича ёндашув


Бизнесни муваффақиятли йўлга қўйиш учун нима керак? Самарали фаолият юритишга-чи? Бу борада тадбиркорларнинг фикри билан қизиқсангиз, уларнинг деярли барчаси “Ишончли ҳуқуқий ҳимоя ва эркинлик”, деб жавоб беради.

Шу ўринда яна савол туғилади: юртимизда ишбилармонлар ҳуқуқларининг қонуний кафолати яратилганми ёки йўқ?! 

Албатта, яратилган! Мустақил тараққиёт йилларида айни шу мақсадда ўнлаб қонунлар, Президент Фармон ва қарорлари қабул қилинди. Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкин, уларда тадбиркорлик соҳасининг ташкилий-ҳуқуқий асоси тўлиқ ўз ифодасини топган. Аммо мазкур ҳужжатларнинг жойлардаги ижроси барқарор таъминланмаётгани аҳолининг ишбилармонлик кайфиятига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмаяпти. Бундай шароитда қандай йўл тутган маъқул? 

— Энг аввало, ишбилармонларда ишонч уйғота олиш зарур, — дейди Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси биринчи ўринбосари Ислом Жасимов. — Чунки одамлар бизнесни катта таваккал билан бошлайди. Банкдан кредит олиш учун эса ҳатто шахсий мол-мулкини  гаровга қўяди. Бу жараёнда юртдошларимиз, айниқса, чет эллик инвесторлар келгусида эмин-эркин фаолият кўрсатиб, иқтисодий самара олиши учун ҳуқуқий ҳимоя тизими яратилганига ишонч ҳосил қилиши ўта муҳим. Ваҳолонки, Ўзбекистонда бизнес юритиш учун барча шарт-шароит мавжуд. 

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бугунги вазият чуқур таҳлил этилган ҳолда, кичик бизнес ва хусусий тад-биркорликнинг иқтисодиётимиз ривожи ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашдаги ролини янада ошириш, энг асосийси, соҳанинг қонуний ҳимоясини кучайтириш мақсадида тамомила янги тизим яратилмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бизнес юритишнинг ишончли ва мустаҳкам кафолатига айланди.  Нега дейсизми? Унда эшитинг! Ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг самарали бажариш механизми кўрсатилган, берилган ваколатлар ва ҳуқуқларга назар ташласак, унда тадбиркорлик соҳасидаги асл муаммолар чуқур таҳлил қилиниб, ечими аниқ ва лўнда баён этилган, энг муҳим жиҳати, тадбиркорлар билан доимий мулоқот тизими яратилган. 

Ушбу Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг вазифалари, фаолият йўналишлари ва ваколатлари кенгайтирилиши баробарида, штати уч баробар кўпайтирилиб, раиснинг тўртта ўринбосари лавозими таъсис этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад, юртимиздаги тадбиркорлик субъектларининг мақоми, йўналиши, кўлами, мулкчилик шаклидан қатъи назар, уларни бирлаштирадиган, том маънода давлат органлари ҳамда тадбиркорлар ўртасида ишончли кўприк бўладиган, содда қилиб айтганда, ишбилармонларнинг чинакамига ҳамкор муассасасига айлантиришдир. 

 

Келинг, бизнесни бирга бошлаймиз

Мазкур нодавлат нотижорат ташкилот томонидан қандай амалий ишлар қилинмоқда? Ишбилармонлик муҳитини -яхшилашга қаратилган бугунги изчил ислоҳотлардаги иштироки нималарда кўринаяпти?  

— Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун нима қилиш кераклигини тадбиркорлар жуда яхши билишади, — дейди И. Жасимов. — Сабаби, улар фаолияти давомида қаерда қандай тўсиққа дуч келаётгани, буни ким яратаётганига ўзлари гувоҳ. Шунинг учун биз ишни кичик бизнес вакиллари билан мулоқот қилиш, дардини эшитишдан бошладик. Негаки, улар кечаги оддий одамлар эмас. Аксинча, дунё кўрган, иқтисодиёт илмини чуқур ўрганган, чет эллик инвесторлар билан тенг манфаатли алоқалар ўрнатган замонавий кишилардир. 

Яширишнинг ҳожати йўқ, ишбилармонлар “югур-югур”лардан чарчаган, безиб қолган. Ниятимиз — тадбиркорни идорама-идора сарсон қилмасдан, муаммосини шу ернинг ўзида ҳал қилишга эришиш. Бунинг учун таркиби тадбиркорлардан иборат бўлган жамоатчилик асосидаги экспертлар гуруҳлари ташкил этилаяпти. Саноат, транспорт, савдо, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишлар бўйича иш юритадиган мазкур гуруҳлар томонидан юзага келган масала ёки муаммолар ўрганилгач, шу асосда таклиф ишлаб чиқилиб, юқори органларга тақдим этилади. 

Эндиликда Савдо-саноат палатаси тадбиркорнинг қаршисида эмас, балки ёнида туради. Бошқача айтганда, унинг қўлидан тутиб, бизнес учун барча эшикни очиб беради. Бунда вилоятлар марказлари, туманлар ва шаҳарларда Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари ташкил этилаётгани айни муддао бўлади. Бу ерга келганлар бизнесни йўлга қўйиш учун нима қилиш керак, кимга ва қайси идорага мурожаат этиш зарур каби саволларига тўлиқ жавоб топади. Шунингдек, бизнес-режа тузиш, менежмент, молиявий бошқарув ҳамда бошқа масалалар бўйича атрофлича маълумот олади. 

 

Ҳаёт ҳақиқатлари мулоқотда намоён

Таъкидлаш керакки, Фармонда тадбиркорларнинг айни дилидаги гаплар ўз ифодасини топган бўлиб, уларни ўйлантираётган масалалар ечими бўйича ҳам аниқ вазифалар белгилаб берилган. Унда ҳеч бир масала эътибордан четда қолмаган. Бамисоли “йўл харитаси”дек бизнесни бошлашдан тортиб, то маҳсулот экспорт қилишгача бўлган барча жараён тўлиқ қамраб олинган. Улар орасида энг устувори, шубҳасиз, бу тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. 

— Бугун Савдо-саноат палатасига мурожаат билан келаётган хусусий сектор вакиллари жуда кўп, — дейди И. Жасимов. — Улар билан гаплашиб, англадикки, биз ҳали тадбиркорларнинг ичига кириб бормабмиз. Муаммоларини юзаки билар эканмиз, холос. Негаки, йиллар давомида ечимини кутаётган масалалар кам эмас. Мисол учун, бозорлар ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлар фойдаланган электр энергияси, сув ва бошқа коммунал хизматлар учун тўловларни икки марта амалга оширишга тўғри келмоқда. 

Гап шундаки, хусусий дўкони, кадастр ҳужжатига эга ишбилармонлар коммунал тўловни ўз вақтида тўлаётган бўлса-да, бозор маъмурияти яна пул ундириш пайидан бўлаяпти. Фуқаролар шундан норози. Ҳозир ушбу масалани чуқур ўрганаяпмиз. 

Ёки бўлмаса, яқинда Шайхонтоҳур туманидан имконияти чекланган бир аёл мурожаат қилди. Унинг новвойхонасини янги келган маҳалла оқсоқоли ноқонуний равишда ёпиб қўйибди.

Ваҳолонки, қонунда тартиб белгиланган. Ҳеч ким ўзбошимчалик билан тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатиб қўйишга ҳаққи йўқ. Бу фақат суд орқали амалга оширилади. Янгидан ташкил этилган Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси томонидан масала жойига чиқиб ўрганилди. Ва тадбиркорнинг ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилмоқда. Лекин биз соҳада учраётган бу каби муаммо ва камчиликларни аниқлаш ёки уни бартараф этиш билан чекланиб қолмаймиз, балки қонунни бузганлар, хусусан, мансабдор шахсларга ҳам жавобгарлик муқаррарлигини берилган ваколатлардан фойдаланиб, амалда таъминлаймиз. 

 

Тўғридан-тўғри ва қайта алоқа

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси нодавлат нотижорат ташкилот бўлса-да, унга давлат органларининг вазифалари берилди. Буни тадбиркорлик соҳасига оид қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга баҳо берадиган ваколатли орган сифатида шакллангани мисолида яққол кўришимиз мумкин. 

— Амалдаги қонун ҳужжатлари ҳамда лойиҳаларининг бизнес ҳамжамиятига қай даражада таъсир кўрсатишини таҳлил қиладиган Қонунчилик ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш бошқармаси тузилди, — дея давом этади суҳбатдошимиз. — Фармонга кўра, эндиликда ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қабул қилинишидан олдин Савдо-саноат палатаси билан келишилиши керак. Айни пайтда кунига 5-6 та ана шундай ҳужжатни кўриб чиқаяпмиз. 

— Бу жуда катта ваколат, албатта. У амалда қандай самара беради? 

— Биринчи галда, қонунчиликка келажакда тадбиркорликни камситувчи нормалар, яширин ғов-тўсиқлар киритилишининг олдини олиш имконини беради. Чунки мақбул топилмаган ҳар қандай лойиҳа бўйича ўз хулосамизни бериб, имзосиз қайтарамиз. Ўтган қисқа даврда 5 та шундай хулоса бердик. Улар лойиҳа муаллифлари томонидан кўриб чиқилиши ва жавоб қайтарилиши лозим. 

Айни пайтда палатанинг мавжуд порталини такомиллаштириш ишлари олиб борилаяпти. Янгиланган портал ишга тушгач, тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри алоқа янада жонланади. Бу майдон орқали нафақат мурожаатлар қабул қилинади, балки унда янги қонун лойиҳалари жойлаштирилиб, АКТнинг замонавий усулларидан фойдаланган ҳолда, кенг муҳокама қилинади. 

— Ташкилотимиз олдида турган асосий йўналишлар белгиланган бўлиб, уларни бажариш учун вазифа ҳам, ваколат ҳам, ҳуқуқ ҳам берилди, — деди сўзининг якунида И. Жасимов. — Булар қоғозда қолиб кетмаслиги керак. Шунинг учун энди ҳамма масалани бизнес тилида муҳокама қиламиз, барча билан тадбиркорчасига гаплашамиз.

Тадбиркорлари бадавлат юрт обод бўлади. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Ишбилармоннинг фаолияти кенгайиб, қанчалик маблағи кўпайса, унинг жамиятда ижтимоий фаоллиги ортади.  Шу элнинг фарзанди сифатида йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга ўз ҳиссасини қўшади. Мамлакатимизда бундай ишбилармонлар жуда кўп. Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад улар сафини кенгайтириш, фаолиятига тўсиқ бўлаётган ғовларни олиб ташлашдир! 

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.