25.07.2017 4655

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди 


Давлатимиз томонидан маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини ошириш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни, айниқса янги узилган мева-сабзавотларни хорижий бозорларга экспорт қилишда янада қулай шарт-шароитлар яратиш, маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилиш учун тадбиркорларимизга қўшимча имтиёзларни жорий этиш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

   

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий экспортер корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 21 июндаги ПҚ-3077-сонли Қарорига мувофиқ маҳаллий тадбиркорлик субъектларига янги узилган мева-сабзавот маҳсулотларини тўғридан-тўғри хорижий бозорларга экспорт қилиш имконияти яратиб берилди.

Мазкур Қарор талабларидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишнинг шарт-шароитлари тўғрисида маҳаллий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари, агрофирмалар ҳамда ташқи савдо компаниялари учун жорий йилнинг 25 июль куни Тошкент шаҳридаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг катта залида Республиканинг товар-хомашё биржаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш масалалари мавзусида амалий семинар ўтказилди.

   

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад республикамизда янги узилган мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижий бозорларга экспорт қилиш борасида маҳаллий тадбиркорлик субъектларига батафсил тушунтириш бериш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда юзага келаётган масалаларни ечимини таъминлашдир.

Унда Узбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Б. Асадов, мазкур Қарорнинг қабул қилиниши бевосита ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини ва молиявий барқарорлигини ошириш, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштиришда катта ахамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. 

   

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Марказий банк, «Ўзагроэкспорт», «Ўзагросуғурта», «Ўзагропромбиржа» вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

Шуниндек семинар давомида ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотлар учун амалда бўлган имтиёзлар ва преференциялар ҳақида батафсил маълумотлар берилиб, қишлоқ хўжалиги махсулотларини сертификатлаштириш бўйича жаҳон тажрибаси, соҳага оид халқаро стандартлар ва уларни жорий этиш истиқболлари муҳокама этилди.

Семинар якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

ЎзССП ахборот хизмати