28.07.2017 4542

Халқаро тижорат арбитраж суди фаолиятини такомиллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар муҳокама қилинди


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5087-сон Фармони ижроси юзасидан шу йилнинг 28 июлида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида Халқаро тижорат арбитраж суди фаолиятини такомиллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тайёрлаш бўйича Ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.

  

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси таркибида хорижий инвесторлар, шунингдек, чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларда миллий компанияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли муҳофаза қилишини таъминлаш бўйича халқаро тижорат арбитраж судини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар”  ва “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Ҳозирги замонда иқтисодиётнинг жадал глобаллашуви, хўжаликлараро, давлатлараро алоқалар ривожланаётган ҳамда минтақавий ва халқаро даражаларда қонунчилик бир хиллаштирилаётган шароитларда ҳам миллий, ҳам халқаро даражаларда бозор муносабатларининг асосий элементларидан бири ҳисобланган халқаро тижорат арбитражи  низоларини ҳал этишнинг муқобил, суддан ташқари шакли сифатида тобора катта аҳамият касб этмоқда. 

   

Юқоридагиларни инобатга олиб, қонун лойиҳасини кабул қилиш зарурати қуйидагилар билан асосланади:

биринчидан, Ўзбекистон Республикасида халқаро тижорат арбитраж судларининг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартибини ҳуқуқий тартибга солиш, халқаро арбитраж суди фаолиятининг асосий принципларини белгилаш;

иккинчидан, хорижий ҳамкорлар ва халқаро тижорат фаолиятининг бошқа иштирокчилари билан низоли ёки баҳсли масалаларни ҳал қилишнинг ҳаракатчан механизмларини яратиш;

учинчидан, низоларни кўришда хўжалик юритувчи субъектларнинг сарф-харажатларини қисқартириш, арбитраж қарорларини тан олиш ва ижро этиш механизмларини белгилаш ва шу асосда халқаро шартномаларнинг низоли масалаларини ҳал қилишда мамлакатнинг минтақадаги обрўсини ошириш.

Қонун лойиҳаси 59 моддадан иборат бўлиб, уларда қуйидаги белгиланган:

-асосий тушунчалар, халқаро тижорат арбитраж судида кўриладиган низолар, арбитраж судлари фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартиби ва уларнинг ҳисобини юритиш.

Лойиҳада арбитраж судларининг турлари (домий фаолият юритувчи ва муваққат) ва арбитраж иш юритувининг принциплари, ваколатли суднинг арбитраж судлари фаолиятига аралашиш чегараси батафсил белгиланган;

-лойиҳада асосий эътибор арбитраж келишувига(юзага келган ва юзага келаётган низоларни арбитраж иш юритувига тақдим этиш ҳуқуқини берувчи асосий ҳужжат сифатида) қаратилган. Унинг шакллари, келишувни имзолаш механизмлари ва унинг мазмуни батафсил ёритиб берилган;

-арбитрга қўйиладиган талаблар, уларни сайлаш (тайинлаш), рад этиш ва уларнинг ваколатларини тугатиш тартиби.

Масалан, лойиҳа 25 ёшдан кичик бўлмаган, низони холис ҳал қилишни таъминлашга қодир, бевосита ёки билвосита низони ҳал этишдан манфаатдор бўлмаган ва арбитраж келишуви томонларидан мустақил ҳисобланган шахе арбитр этиб сайланиши (тайинланиши)ни назарда тутмоқда;

-арбитраж иш юритуви қоидаларини, арбитраж иш юритуви жойи ва уни ўтказиш тилини аниқлаш тартиби.

Шу туфайли низолашувчи томонлар ўз хоҳишларига кўра арбитраж иш юритуви тили ва жойини келишишлари мумкин, акс ҳолда иш юритиш тили ва жойи арбитраж томонидан мустақил белгиланади;

-даъво аризаси, шунингдек, унга жавоб бериш ва қарши даъво бериш тартиби;

-арбитраж суди қарорини бекор қилиш тарафлардан бири томонидан ваколатли судгабу ҳақидаги даъво аризаси киритиш орқали амалга ошириш тартиби, шунингдек, арбитраж қарорини бекор қилиш оқибатлари;

-арбитраж суди қарорини ихтиёрий ва  мажбурий ижро қилиш, арбитраж суди қарори бўйича ижро варақаси бериш.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида арбитраж иш юритуви ва низоларни ҳал қилишнинг сир сақланишини, шунингдек, халқаро тижорат арбитражи тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни таъминлаш бўйича нормалар ҳам алоҳида келтирилган.

ЎзССП ахборот хизмати