01.08.2017 5907

Ўзбекистонда бизнес муҳитни яхшилаш учун нималар зарур


“Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон банки “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботидаги рейтингини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор лойиҳаси оммавий муҳокама учун эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва БМТТДнинг “Ўзбекистон Бизнес-форуми (III-фаза)” қўшма лойиҳаси ушбу ҳужжатни ишлаб чиқишда иштирок этди ҳамда 2017 йилнинг май ойида ташкил этилган “давра суҳбати” давомида муҳокама қилинган, ишбилармонлик муҳитини яхшилашга доир тавсияларни тақдим этди.

БМТнинг 2016-2020 йиллардаги Ўзбекистон Республикаси учун ривожланиш мақсадларига кўмаклашишга доир доиравий дастури (ЮНДАФ) тадбиркорлик даромадларининг барқарор ўсишни таъминлаш ва аҳоли бандлигини ошириш омили сифатида ишбилармонлик муҳитини асосий мақсадлардан бири бўлиб ҳисобланишини назарда тутади. Шундай қилиб, давлат–хусусий мулоқоти доирасида таклифлар ишлаб чиқиш ва норматив-ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш йўли билан Ўзбекистоннинг 2020 йилга қадар бизнес юритиш енгиллиги бўйича топ-50 мамлакатлар рейтигига эришишини таъминловчи ишларни ташкил этиш ҳамда аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

Бугунги кунда турли ижтимоий-иқтисодий ва экологик жараёнларни ҳамда турли мамлакатлардаги иқтисодий ҳолатни ўрганувчи кўп сонли ҳалқаро тадқиқотлар, ҳисоботлар, индаекслар ва рейтинглар мавжуд. Масалан, “Глобал рақобатбардошлик тўғрисидаги ҳисобот” (Global Competitiveness Report) Бутунжаҳон иқтисодий форуми томонидан ҳамкор ташкилотлар тармоғи – етакчи тадқиқот институтлари ва компаниялар билан ҳамкорликда таҳлил этилаётган мамлакатларда ўтказилгани ҳолда, умумфойдаланишдаги статистик маълумотлар ва ташкилотлар раҳбарлари сўрови натижаларига асосланган. Методология шундай тарзда ташкил этилганки, у рақобат муҳитига таъсир кўрсатувчи кенг доирадаги омилларни қамраб олишга имкон беради. Ҳисоботга 138 та мамлакатнинг рақобатбардошлик соҳасидаги кучли ва кучсиз томонларининг батафсил тавсифи киритилгани ҳолда бу иқтисодий ривожланиш сиёсати ҳамда асосий ислоҳотларни шакллантириш учун истиқболли соҳаларни белгилаб олиш имконини беради.

100дан ортиқ мамлакатларда миллий моҳиятдаги тадбиркорлик фаолиятини баҳоловчи, Лондон Бизнес Мактаби (Буюк британия) томонидан тузиладиган “Тадбиркорликнинг глобал мониторинги” (Global Entrepreneurship Monitor) яна бир қизиқарли тадқиқотлардан бири бўлиб ҳисобланади.

Тақдим этилаётган давлат хизматлари сифатини англаб етишни баҳоловчи, ҳукуматнинг самарадорлиги асосий меъзонларидан бири бўлган Жаҳон банкининг “Глобал бошқарув индикатори” (Worldwide Governance Indicators) ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Шунингдек, Жаҳон банки томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шаклланиши ва муҳокамасида фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг иштироки даражаси бўйича 185 та мамлакатни баҳоловчи “Бошқаришни тартибга солишга доир глобал индикаторлар” (Global Indicators of Regulatory Governance) тузиб келинади.

Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” (Doing Business) ҳисоботи нисбатан обрўли, ҳалқаро даражада тан олинган ҳамда энг кўп иқтибос келтириладиган ҳисобот бўлиб ҳисобланади. Ҳар йили 190 мамлакат ўз юрисдикцияларида нисбатан қулайроқ бўлган бизнес юритиш шароитларини шакллантириш юзасидан рақобатлашадилар. Ҳорижий инвесторлар ва ҳамкорлар инвестиция қарорларини қабул қилишда ушбу тадқиқотларга таянган ҳолда бизнес юритиш шароитларини инобатга оладилар.

2015 йилги — “Бизнес юритиш - 2016” ҳисоботига кўра Ўзбекистон энг кўп сонли ислоҳотлар ўтказган топ-10 мамлакатлар қаторига кирди. Аммо, бизнес юритишнинг мавжуд шароитлари таҳлили ҳали ҳам ҳалқаро меъёрларга мувофиқ эмас. Масалан, Тошкент шаҳрида қурилишга рухсатнома олиш учун тадбиркор 23 та жараёндан ўтиши зарур бўлгани ҳолда бунга 176 кун талаб этилади, аксинча ушбу кўрсаткичлар Марказий Осиё ва Европа бўйича мувофиқ равишда ўртача 15 та жараён ҳамда 160 кунни ташкил этади.

2016 ва 2017-йилги “Бизнес юритиш” маълумотларининг таққослама таҳлили шуни кўрсатдики, умуман олганда қонунчиликда белгиланган тартиботлар сони ва муддатлари ҳамда белгиланган тартиботларга амалда риоя этиш ўртасидаги фарқ 9 та тартиботга (2016 йилда – 56 ва 2017 йилда – 65 дона) ортганлиги, бироқ кунлар сони 3 бирликка (2016 йилда – 228 ва 2017 йилда – 225 кун) қисқарганлиги тўғрисида шаҳодат беради, бу эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалдаги ижросини янада ҳам такомиллаштиришни талаб этади.

Шу сабабли, қарор лойиҳаси билан Ўзбекистоннинг “Бизнес юритиш” ҳисоботидаги рейтингини кўтаришга доир ишларни мувофиқлаштирувчи доимий фаолият юритувчи идоралараро комиссия тузиш таклиф этилган. Комиссия давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилашга доир чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари томонидан бажариладиган ишларнинг танқидий таҳлилини ўтказиш, тадбиркорлар фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлаш билан шуғулланади.

Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун қарор лойиҳасида маъмурий тартиботлардан ўтишнинг янги тартиби, муддатлари ва улар билан боғлиқ сарф-харажатлар тўғрисида тадбиркорларнинг хабардорлигини яхшилашга доир ишларни ташкил этишга асосий эътибор қаратилган.

Бизнес-муҳитни яхшилашга доир амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ҳар 6 ойда камида 100 та тадбиркорлик субъектларида, шу жумладан “тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини қайта ишлаш, кўриб чиқиш ҳамда таклифларини муҳокама қилишга бўйича махсус портал” орқали сўровномалар ўтказиш йўли билан аниқлаш таклиф этилади.

Қарор лойиҳасида Ўзбекистоннинг “Бизнес юритиш” ҳалқаро рейтингидаги мавқэсини 2016 йилдаги 87-ўриндан 2021 йилда 40-ўринчага яхшилашга доир вазифа қўйилган.

Қарор лойиҳасига 2017 йилнинг 11 августига қадар мулоҳозалар киритилиши мумкин.