03.08.2017 2924

Маҳаллий ун ишлаб чиқарувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди


Жорий йилнинг 2 августида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида хусусий тегирмончиларнинг фаолият кўрсатиши учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш юзасидан Экспертлар кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

  

Йиғилишда “Ўзбекистон Хусусий тегирмончилар” уюшмасининг маҳаллий ун ишлаб чиқарувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини янада ривожлантириш бўйича таклифлари муҳокама қилинди.

Ҳозирги замонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрта синфини шакллантириш, мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш аҳоли даромадларини оширишнинг энг муҳим омилларидан бири бўлиб хизмат қилмоқда.

Йиғилишда “Ўзбекистон Хусусий тегирмончилар” уюшмасининг маҳаллий ун ишлаб чиқарувчиларни қийнаётган муаммолар, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг маҳаллий ун ишлаб чиқарувчилар фаолиятиги салбий таъсир этаётганлиги ҳамда соҳадаги маҳаллий ун ишлаб чиқарувчиларни  қўллаб-қувватланишида амалий ёрдам берилиши юзасидан мурожаати асосида Экспертлар кенгаши йиғилишида тадбиркорлар, манфаатдор давлат ташкилотлари вакиллари ҳамда  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили иштирокида тадбиркорларни қийнаётган муаммолар муҳокама қилинди. Хусусан, импорт қилинаётган буғдой уни учун акциз солиғи 5% га пасайтирилиши ҳамда Тошкент минтақавий темир йўл узели ҳудудида юк ташиш тарифларининг икки баробарга ошиши маҳаллий ун ишлаб чиқарувчилар фаолиятига салбий  таъсир кўрсатмоқда. Бир қатор корхоналар таназзул ёқасига келиб қолмоқда, баъзилари эса фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлмоқда.

  

Маҳаллий ун ишлаб чиқарувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиб бериш мақсадида манфаатдор ташкилотлар вакиллари ҳамда тадбиркорларнинг таклифлари тингланди. Хусусан, республика солиқ сиёсати ва макроиқтисодий кўрсаткичларга ўзгартиришлар киритиш масалалари муҳокама қилинди.

ЎзССП ахборот хизмати