03.08.2017 1370

Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳакамлик судларининг роли


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5087-сон Фармони ижроси юзасидан шу йилнинг 2 августида Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳакамлик судларининг роли” мавзусида амалий семинар ўтказилди.

Семинарда Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж (ҳакамлик) судининг раиси, ҳуқуқшунос олим Фозилжон Отахонов иштирок этиб, ҳакамлик судларининг ҳуқуқий асослари, низоларни тезкор ва тежамли ҳал қилишдаги афзалликларига алоҳида эътибор қаратди.

Семинарда таъкидланганидек, ҳакамлик судларининг низоларни муқобил ҳал этишда асосий нодавлат орган сифатидаги фаолият кўлами йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Чунки бунинг учун мамлакатимизда ҳакамлик судлари фаолиятини тартибга солувчи бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонунида ҳакамлик судлари фаолиятининг асосий принциплари,  уларни ташкил этиш ва ҳисобини юритиш тартиби, мазкур судлар томонидан ҳал этиладиган низолар, ҳакамлик битими шакли ва мазмуни, ҳакамлик судьясига қўйиладиган талаблар, ҳакамлик судининг таркибини шакллантириш, низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар, ҳакамлик муҳокамаси, ҳакамлик судининг ҳужжатлари, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш ва уни ижро этишга оид нормалар белгиланганлиги қайд қилинди.

Ҳакамлик судлари фуқаролик жамиятининг муҳим институтларидан бир бўлганлиги сабабли уларни ташкил этиш ва фаолият юритиши нафақат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, балки уларни ташкил этаётган юридик шахсларнинг локал ҳужжатлари (доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидалари, яъни низоми ва регламенти) билан ҳам тартибга солиниши унинг ўзига хос хусусияти эканлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган 15 та ҳакамлик судлари томонидан 2007 йилдан 2017 йилгача  (6 ойигача) даъво суммаси 411,3 млрд. сўм, 48,8 млн. АҚШ доллари ва 195 025 ЕВРО ни ташкил қилган жами 8689 та ишлар кўрилганлиги қайд этилди. Шунингдек Палата аъзолари ҳакамлик судига имтиёзли асосда мурожаат қилишлари мумкинлиги, яъни улар учун ҳакамлик йиғимининг миқдори тўланиши лозим бўлган сумманинг 75 фоизини ташкил қилиши таъкидланди.

Конференцияда ваколатли судлар (иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича  судлар) томонидан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва уни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш билан боғлиқ ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари аторфлича ёритилди.

Ҳакамлик судларида низоларни тезкор, қонуний, адолатли ҳал қилиш кўп жиҳатдан ҳакамлик судьяларининг билим даражаси, амалий тажрибасига боғлиқлигига эътибор қаратилиб, уларни малакасини оширишнинг долзарб муаммолари семинар иштирокчилари томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Семинар иштирокчилари томонидан  ҳакамлик муҳокамасининг  ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ваколатли судлар билан ҳакамлик судлари  ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, ҳакамлик судьялари ва ҳакамлик судьялигига номзодларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, низоларни қўриб чиқиш бўйича хакамлик судьялари ўртасида тажриба алмашиш, ҳакамлик судлари  хал  қилув  қарорлари  ижросини таъминлаш  каби масалалар бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. 

ЎзССП ахборот хизмати