09.08.2017 339

БИЗНЕС ОМБУДСМАН ҚАНДАЙ ҲУҚУҚЛАРГА ЭГА?


Парламентда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

 

Бош прокуратура, Олий суд, Адлия ва Молия вазирликлари, Савдо-саноат палатаси ва Президент ҳузуридаги амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти билан келишилган ҳамда чхорижий тажрибага қиёсланган қонун лойиҳаси давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида”ги 2017 йил 5 майдаги ПФ-5037-сон Фармонигамувофиқ ишлаб чиқилган.

 

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (кейинги ўринларда – Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил) фаолиятини тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган.

  

Қонун лойиҳасининг асосий қоидалари ҳақида батафсил маълумот

 

Қонун лойиҳаси 28 та моддадан иборат бўлиб, унда Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва уни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тартиби, унинг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда бошқа масалалар тартибга солинмоқда.

 

Жумладан, Қонун лойиҳасининг 3-моддасига кўра Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини, мазкур ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларга давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, шунингдек бошқа ташкилотлар томонидан риоя этилишини таъминловчи мансабдор шахсдир.

 

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил этиб 30 ёшга тўлган, олий маълумотли, давлат тилини биладиган, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш соҳасида тажрибага эга бўлган, камида 5 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси тайинланиши мумкин.

 

Қонун лойиҳасида Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан чиқариладиган айрим ҳужжатлар аниқ кўрсатиб берилмоқда. Жумладан, Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилот раҳбарларига киритиладиган тақдимнома ва огоҳлантиришлар алоҳида моддаларда очиб берилган.

 

Лойиҳада Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ўрнатилмоқда. Хусусан, у тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устиан берилган шикоятларни кўриб чиқади.

 

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил номига тадбиркорлик соҳасидаги жиноятлар учун гумонланувчи, айбланувчи ва судланган, қамоқда сақлаш жойларида, жазони ижро этиш муассасаларида бўлган, шунингдек маъмурий қамоққа олинган ҳамда махсус қабулхонада сақланаётган шахслар – тадбиркорлик субъектлари вакиллари томонидан юборилган шикоятлар, улар сақланаётган муассасаларининг маъмурияти томонидан очиб кўрилиши мумкин эмаслиги ҳамда ушбу шикоятлар 
24 соатдан кечиктирмай Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга жўнатилиши белгиланмоқда.

 

Қолаверса, Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг дахлсизлик ҳуқуқини таъминлаш мақсадида, унинг Президентнинг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларига тортилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. 

 

 

Манба : norma.uz