09.08.2017 339

“Ҳакамлик судлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари” муҳокама этилди


Ўзбекистон  Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Сирдарё вилояти иқтисодий суди томонидан жорий йилнинг 9 август куни Гулистон шаҳрида  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5087-сон Фармони ижроси юзасидан “Ҳакамлик судлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг Сирдарё вилоят  ҳудудий бошқармаси масъул ходимлари ва уларнинг ҳузуридаги ҳакамлик судлари судьялари, Сирдарё вилоят иқтисодий суди ва туманлараро иқтисодий судлари судьялари, тижорат банклари юридик хизмати ходимлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Унда “Ҳакамлик судлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари, уларнинг низоларни ҳал қилишдаги роли ва аҳамияти”,  “Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишларни иқтисодий судлар томонидан кўришнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзуларида маърузалар тингланди.

Маърузаларда таъкидланганидек, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг инсон ҳуқуқлари устуворлиги принципига асосланган мустаҳкам ҳуқуқий замини яратилди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, конституциявий қонунлари, кодекслар, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат замонавий ҳуқуқий ҳужжатлар тизими шакллантирилди ва услуксиз такомиллаштирилиб борилмоқда. 

Ҳуқуқни қўллаш амалиётида, ижтимоий ҳаётда турли субъектларнинг манфаатлари тўқнашуви, улар ўртасида баҳс-мунозаралар ва низолар келиб чиқиши табиий. Низоларни ҳал этиш тизими уларни суд орқали ва муқобил усуллар билан ҳал қилишни ўз ичига олади.

Мамлакатимизда ҳакамлик судларини ташкил қилиш ва фаолиятининг ҳуқуқий асослари яратилганлиги уларни низоларни муқобил ҳал этишда асосий нодавлат орган сифатидаги фаолият кўламини йилдан йилга кенгайиб боришига имконият бермоқда.

Ҳакамлик суди фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи хўжалик низоларини ҳал этувчи нодавлат орган ҳисобланади.

Ҳакамлик суди ўз фаолияти қонунийлик, мустақиллик, ҳакамлик муҳокамаси маълумотларининг ошкор қилинмаслиги, ҳакамлик судьяларининг холислиги,диспозитивлик, ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги каби приципларига риоя қилган ҳолда амалга оширади.

Ҳакамлик суди қуйидаги афзалликларга эга: тежамкорлик; низони тезкорлик билан кўриб чиқиш; ҳакамлик судьяларини мустақил танлаш ва низони ҳал қилиш тартиб-таомилини мустақил белгилаш имконияти мавжудлиги; келишув битимига эришиш ва ҳамкорлик муносабатларини сақлаб қолишга шароит яратиш; ҳакамлик муҳокамаси маълумотларининг ошкор қилинмаслиги;  ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш механизми мавжудлиги.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган 15 та ҳакамлик судлари томонидан 2007 йилдан 2017 йилгача  (6 ойигача) даъво суммаси 411,3 млрд. сўм, 48,8 млн. АҚШ доллари ва 195 025 ЕВРО ни ташкил қилган жами 8689 та ишлар кўрилганлиги қайд этилди. Палатанинг Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги Ҳакамлик суди томонидан жами даъво суммаси 38,1 млрд. сўм бўлган 1730 та ишлар кўриб чиқилган. 

Фозилжон Отахонов ўз маърузасида Палата аъзолари ҳакамлик судига имтиёзли асосда мурожаат қилишлари мумкинлигини, яъни улар учун ҳакамлик йиғимининг миқдори тўланиши лозим бўлган сумманинг 75 фоизини ташкил қилишини, бундан ташқари яқин келажакда ҳакамлик битими тарафларининг ҳохишига кўра ҳакамлик судининг мажлислари видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкинлигига эътиборни қаратди ҳамда бунинг учун ҳуқуқий асослар мавжудлигини таъкидлади.

Давра суҳбатида иқтисодий судлар томонидан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва уни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш билан боғлиқ ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари таҳлилий материаллар асосида аторфлича ёритилди.

Ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини ижро қилиш икки хил усулда, яъни ихтиёрий ва мажбурий (ваколатли судлардан ижро варақасини олиш орқали) ижро қилинишига тадбир қатнашчилари эътибори қаратилди ва бу борадаги муаммолар юзасидан атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ҳакамлик судларида низоларни тезкор, қонуний, адолатли ҳал қилиш кўп жиҳатдан ҳакамлик судьяларининг билим даражаси, амалий тажрибасига боғлиқлигига эътибор қаратилиб, уларни малакасини оширишнинг долзарб муаммолари тадбир иштирокчилари томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Давра суҳбати иштирокчилари ва маърузачилар томонидан  ҳакамлик муҳокамасининг  ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ваколатли судлар билан ҳакамлик судлари  ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, ҳакамлик судьялари ва ҳакамлик судьялигига номзодларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, низоларни қўриб чиқиш бўйича хакамлик судьялари ўртасида тажриба алмашиш, ҳакамлик судлари  хал  қилув  қарорлари  ижросини таъминлаш  каби масалалар бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.