11.08.2017 265

Экспертлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.


11 август куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспортини оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида, Экспертлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз аҳолисининг озиқ-овқат махсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, бозорларимизни арзон ва сифатли қайта ишланган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан янада тўлдириш, халқимизнинг эҳтиёжидан ошиқча қайта ишланган қишлоқ хўжалик маҳсулотларни хорижий давлатларга экспорт қилиш кўламини кенгайтириш, шу орқали қишлоқ меҳнаткашларининг даромадини ошириш, юртдошларимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришда аҳоли ихтиёридаги томорқа майдонларидан унумли фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон — қишлоқ хўжалигида кўп йиллик бой тажриба ва юксак илмий салоҳиятга эга мамлакат. Республикамиз аграр соҳа ходимларининг бугунги меҳнатлари замирида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, уларни қайта ишлаш орқали халқимизнинг озиқ-овқат махсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш, иқтисодиётни янада ривожлантиришдек юксак вазифалар мужассам.

Тадбирда Экспертлар кенгаши аъзолари соҳа равнақига қаратилаётган эътибор, қишлоқ одамларига яратиб берилаётган муносиб меҳнат шароитлари туфайли ушбу эзгу мақсадга тўлиқ эришилаётгани ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги № ПҚ-3157 сонли “Маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори бу борада муҳим дастуриламал булаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Бугунги кунда юртимизда 160 мингдан зиёд фермер хўжаликлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларнинг 36 мингдан ортиғи кўп тармоқли йирик субъектлардир. Уларда деҳқончилик ёки чорвачилик билангина чекланиб қолмасдан, балки замонавий технологиялар, ихчам қайта ишлаш ускуналари жалб этилган ҳолда, қўшимча тармоқлар ўзлаштирилган. Бу аҳоли, айниқса, қишлоқ одамларининг бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш, ички бозорни арзон ва юқори сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлмоқда.

Эксперт кенгашининг аъзолари иштирокчилар томонидан билдирилган фикрлар, тавсиялар, шунингдек муаммоли вазиятларни жойида ўрганиб, уларни ҳал этиш бўйича чораларни кўрдилар. Шу билан бирга, эксперт кенгаши аъзолари қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, ушбу соҳага доир долзарб масалаларни ёритиш учун анжуманлар ташкил қилиш, қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда уларнинг ечимини излаш учун тадқиқотлар ўтказиш, қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида ҳуқуқий муҳитни яхшилашга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий базага таклифлар киртилишини ишлаб чиқиш бўйича тадбиркорлик субъектлари билан амалий семинарларни ўтказишга оид режаларни белгилаб олдилар.

 

Ахборот хизмати