18.08.2017 192

Тадбиркорлар қўллаб-қувватланмоқда


Мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг давомийлигини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятидаги мутассади ташкилот ва муассаса раҳбарлари ва вилоят Прокуратураси маъсуллари томонидан қатъий белгиланган жадвал асосида ҳудудлардаги Тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари билан ҳафтанинг ҳар чоршанба куни учрашувлар ўтказилиб келинмоқда.

Навбатдаги учрашув Чирчиқ шаҳрида жойлашган №7-сонли мусиқа мактабида бўлиб ўтди.Ушбу учрашувда Чирчиқ шаҳар ҳокими Қ.Рашидов, Тошкент вилоят прокурори ўринбосари С.Бердиалиев, Чирчиқ шаҳар прокурори Б.Иброҳимов ва вилоятдаги мутассади идора маъсуллари, Ўзбекистон Савдо-саноат  палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси  ва Чирчиқ шаҳар Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази вакиллари ҳамда Чирчиқ шаҳрида фаолият олиб борувчи Тадбиркорлик субъекти раҳбарлари ва уларга хизмат кўрсатувчи банк муассасалари  бошқарувчилари ва  кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

  

Тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларига ва таклифларига етарлича ва атрофлича жавоб олиш баробарида ўз ечимини кутаётган муаммоларини ҳам бартараф этиш юзасидан  Чирчиқ шаҳар ҳокими Қ.Рашидов, Тошкент вилоят прокурори ўринбосари С.Бердиалиев   ва Чирчиқ шаҳар прокурори Б.Иброҳимов томонидан мутассади идора ва бошқарма бошлиқларига кўрсатма ва тошириқлар берилганлигини гувоҳи бўлишди.

Жумладан, Чирчиқ шаҳрида фаолият олиб борувчи “LUKPO TEXTIL” ва “ORZU TEXS” маъсулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхоналар раҳбарлари М.Қурбонов ва Б.Рўзиметовлар  томонидан бўш турган бинони “нол” қийматда балансига олишдаги  ва 70 нафар янги ишчи ўрни яратиш бўйича ишлаб чиқариш зарурияти туфайли 7 километр масофадан газ қувирини  тортишда дуч келаётган муаммоларни бартараф этишда амалий ёрдам сўраб билдирган таклифи инобатга олиниб, бунинг учун маъсул шахслар бириктирилди ҳамда  назорати вилоят Прокуратураси ва Чирчиқ шаҳар ҳокимлигига зиммасида эканлиги алоҳида қайд этилди.    

  

Иштирокчиларда катта таъссурот қолдирган ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад-мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳитини янада янги босқичга олиб чиқиш ва тадбиркорлик субъектлари олдида пайдо бўлган муаммо ва тўсиқларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда янги ишчи ўринлари яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларни  барқарорлигини таъминлаш шунингдек, ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш ва ушбу ҳудудда  инвестиция жалб этган ҳолда янги ишчи ўринларини яратишга қаратилгандир.

Тадбир сўнгида Чирчиқ шаҳрида фаолият олиб борувчи ”Ўзсаноатқурилишбанк”, “Ипотекабанк”, Ташқи иқтисодий фаолият “Миллий банк”, Давлат тижорат  “Халқ банки” Чирчиқ шаҳар филиаллари бошқарувчилари томонидан Чирчиқ шаҳридаги касб-ҳунар коллежи битирувчиларига ўз тадбиркорлик фаолиятларини бошлаш учун зарур бўладиган миқдордаги имтиёзли кредитлар олиш учун сертификатлар тақдим этилди.