29.08.2017 1509

Буюк Британияга мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш мавзусига бағишланган семинар бўлиб ўтди


Жорий йилнинг 29 август куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда Буюк Британияга мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш мавзусига бағишланган семинар ташкил этилди.

Семинардан кўзланган мақсад Буюк Британияга мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишнинг шарт-шароитлари, мазкур давлатнинг четдан олиб кириладиган маҳсулотларга бўлган талаблари ҳамда бозорнинг умумий салоҳияти тўғрисидаги маълумотларни маҳаллий экспортер корхоналар эътиборига етказишдан иборатдир.

Семинарда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси масъул ходимлари тегишли тақдимот ва маърузалар билан иштирок этдилар.

Тадбирда вазирлик ва идора вакиллари хамда 60 га яқин тадбиркорлик субъектлари иштирок этдилар. Улар қаторида 19 нафар тадбиркорлик субъекти ЎзССП кўмаги билан жорий йилнинг 2-5 сентябр кунлари Великобританиянинг Лондон шахрида ўтказилиши режалаштирилган “Fine Food 2017” ҳалқаро кўргазмасида иштирок этадилар.

Семинар давомида қайд этилганидек, мазкур учрашув икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига оид масалалар бўйича ўзаро фикр алмашинувига қулай имконият яратиб берди. Суҳбат давомида шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари ҳам батафсил муҳокама қилинди.

Қайд этиш лозимки, Великобритания Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири саналади. 2016 йил якунлари бўйича Ўзбекистон-Великобритания ўзаро товар айланмаси ҳажми 151,3  млн. АҚШ долларига етди. Шундан, экспорт 40,6 млн. АҚШ долларини, импорт эса 110,7 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

Экспортнинг асосий позициялари – қиматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлардан ишланган буюмлар, транспорт, суғурта, коммуникация ва туризм хизматлари, матолар.

Импортнинг асосий позициялари – ёрдамчи, транспорт, молия, архитектура-муҳандислик, тоғ ва қишлоқ хўжалиги хизматлари, механик ускуналар ва ҳ.к.

Ўзбекистонда британиялик инвесторлар иштирокидаги 559 та корхона фаолият юритаётган бўлиб, улардан 159 таси 100 фоиз Британия капиталига эга, қолган 400 таси қўшма корхонадир. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Буюк Британиянинг 68 та компанияси ваколатхонаси аккредитациядан ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига асосий британиялик инвесторлар - «Бритиш-Америкэн Тобакко» (тамаки маҳсулотини ишлаб чиқариш), «Ворлей Парсонс» - (лойиҳа-инжиниринг маркази), «Рио Тинто» (тоғ-кон соҳаси), «Ай-Ти-И» - (кўргазма тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш) компанияларидир.

Хусусан, Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия кенгаши икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларнинг муҳим механизми саналиб, кенгашнинг сўнгги, 23-йиғилиши 2016 йил 16-18 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида мазкур ташриф иккала мамлакатнинг ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларга янги мазмун бағишлашига ишонч билдирилди.

ЎзССП ахборот хизмати