16.09.2017 456

Самарқанд шаҳрида “Ўзбекистонда ҳакамлик судлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари" муҳокама этилди.


Ўзбекистон  Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан жорий йилнинг 14-15 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган “Ўзбекистонда ҳакамлик судлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари” мавзусида илмий-амалий семинар ташкил қилинди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлари ҳудудий бошқармалари масъул ходимлари ва уларнинг ҳузуридаги ҳакамлик судлари судьялари, Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди ва туманлараро судлари, Самарқанд вилояти иқтисодий суди судьялари,  Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси, Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси, Самарқанд вилояти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Илмий-амалий семинарда “Конституция ва ҳакамлик судлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари, уларнинг низоларни ҳал қилишдаги роли ва аҳамияти”,  “Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишларни иқтисодий судлар томонидан кўришнинг ўзига хос хусусиятлари”, “Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишларни фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқиш амалиёти”, “Ҳакамлик судлари қарорларини ижро қилиш тартиби ва муаммолари”га оид мавзуларда маърузалар тингланди.

Маърузаларда таъкидланганидек, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг инсон ҳуқуқлари устуворлиги принципига асосланган мустаҳкам ҳуқуқий замини яратилди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, конституциявий қонунлари, кодекслар, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат замонавий ҳуқуқий ҳужжатлар тизими шакллантирилди ва услуксиз такомиллаштирилиб борилмоқда. 

Ҳакамлик судларининг низоларни муқобил ҳал этишда асосий нодавлат орган сифатидаги фаолият кўлами йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Чунки бунинг учун мамлакатимизда ҳакамлик судлари фаолиятини тартибга солувчи бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонунида ҳакамлик судлари фаолиятининг асосий принциплари,  уларни ташкил этиш ва ҳисобини юритиш тартиби, мазкур судлар томонидан ҳал этиладиган низолар, ҳакамлик битими шакли ва мазмуни, ҳакамлик судьясига қўйиладиган талаблар, ҳакамлик судининг таркибини шакллантириш, низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар, ҳакамлик муҳокамаси, ҳакамлик судининг ҳужжатлари, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш ва уни ижро этишга оид нормалар белгиланганлиги қайд қилинди.

Ҳакамлик судлари фуқаролик жамиятининг муҳим институтларидан бир бўлганлиги сабабли уларни ташкил этиш ва фаолият юритиши нафақат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, балки уларни ташкил этаётган юридик шахсларнинг локал ҳужжатлари (доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидалари, яъни низоми ва регламенти) билан ҳам тартибга солиниши унинг ўзига хос хусусияти эканлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган 15 та ҳакамлик судлари томонидан 2007 йилдан 2017 йилгача  (6 ойигача) даъво суммаси 411,3 млрд. сўм, 48,8 млн. АҚШ доллари, 195,1 минг Еврони ташкил қилган жами 8689 та ишлар кўрилганлиги ва улар томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорларининг аксарияти (90 фоизга яқини) ихтиёрий ижро қилинаётганлиги қайд этилди. Шунингдек Палата аъзолари ҳакамлик судига имтиёзли асосда мурожаат қилишлари мумкинлиги, яъни улар учун ҳакамлик йиғимининг миқдори тўланиши лозим бўлган сумманинг 75 фоизини ташкил қилиш таъкидланди. Ҳакамлик судлари фаолияти кўламини янада кенгайтириш мақсадида Палатанинг барча туман ва шаҳарлардаги Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари орқали ҳакамлик судларига мурожаат қилиш имкониятлари кенг муҳокама қилинди.

Семинарда ваколатли судлар (иқтисодий судлар ва фуқаролик ишлари бўйича судлар) томонидан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва уни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш билан боғлиқ ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари аторфлича ёритилиб, таҳлилий материаллар семинар иштирокчиларига тақдим қилинди.

Ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини ижро қилиш икки хил усулда, яъни ихтиёрий ва мажбурий (ваколатли судлардан ижро варақасини олиш орқали) ижро қилинишига семинар қатнашчилари эътибори қаратилди ва бу борадаги муаммолар юзасидан атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди ҳамда Мажбурий ижро бюроси билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклифлар киритилди.

Ҳакамлик судларида низоларни тезкор, қонуний, адолатли ҳал қилиш кўп жиҳатдан ҳакамлик судьяларининг билим даражаси, амалий тажрибасига боғлиқлигига эътибор қаратилиб, уларни малакасини оширишнинг долзарб муаммолари семинар иштирокчилари томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Илмий-амалий семинар иштирокчилари ва маърузачилар томонидан  ҳакамлик муҳокамасининг  ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ваколатли судлар билан ҳакамлик судлари  ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, ҳакамлик судьялари ва ҳакамлик судьялигига номзодларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, низоларни қўриб чиқиш бўйича хакамлик судьялари ўртасида тажриба алмашиш, ҳакамлик судлари  хал  қилув  қарорлари  ижросини таъминлаш  каби масалалар бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. 

ЎзССП Ахборот хизмати