26.09.2017 1183

“Ҳамкорликнинг янги истиқболлари” мавзуидаги II Ўзбекистон-Россия ишбилармонлик форуми бўлиб ўтди.


Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан Россия Федерацияси ишбилармон доиралари делегациясининг мамлакатимизга ташрифи ташкил этилди.

Ташриф доирасида 26 сентябрь соат 10-00 да «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида икки давлат ишбилармон доиралари иштирокида “Ҳамкорликнинг янги истиқболлари” мавзуидаги II Ўзбекистон-Россия ишбилармонлик форуми бўлиб ўтди.

                                                 

Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва Россия компаниялари ўртасида савдо алоқалари йўлга қўйилишини қўллаб-қувватлаш, янги қўшма корхоналарни ташкил этиш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга оид масалаларни кўриб чиқишдан иборат эди.

Тадбирда кимё, енгил, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, авиация, озиқ-овқат, фармацевтика саноатлари, металлургия, тиббиёт воситалари, ишлаб чиқаришга мўлжалланган маҳсулотлар, йўл-қурилиш техникаси, нефт-газ қурилмаларини ишлаб чиқариш, энергетика, гидротехника каби 30 дан ортиқ Россия компанияларининг иштирокида бўлиб ўтди..

Ишбилармонлик учрашуви чоғида икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, тадбирда қуйидаги мавзулар бўйича 3 та секция мажлиси ўтказилди: I Секция. Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш («Самарқанд» зали); II Секция. Туризм – ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантирувчи куч сифатида («Бухоро» зали); III Секция. Минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришда транспорт ва логистика («Хива» зали).

Ишбилармонлик форуми доирасида ЎзР ССП ва РФ ССП ўртасида халқаро тижорат арбитражи ва медиация соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим, шунингдек, 2018-2019 йилларда Россия-Ўзбекистон ишбилармонлик кенгаши ва Ўзбекистон-Россия ишбилармонлик кенгаши ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум низомларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар Режаси (“Йўл харитаси”) имзоланди.

                                                

Қайд этиш керакки, 2016 йил якунлари бўйича маҳсулотлар айланмаси 4 237,5 млн. долларни (2014 йилга нисбатан -4,9%), жумладан экспорт 1 842,4 млн. долларни (+1,2%), импорт - 2 395,1 млн. долларни (-9,1%) ташкил этди.

Асосий экспорт позициялари: табиий газ (26,6%), тўқимачилик маҳсулоти (24,7%), транспорт хизматлари (21,1%), янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари (8,0%), кимёвий маҳсулотлар (3,1%), цинк (1,5%).

Импорт: қора ва рангли металлар (17,0%), ёғоч (15,2%), нефт ва нефт маҳсулотлари (14,6%), механик ва электр қурилмалар (13,1%), озиқ-овқат маҳсулотлари (10,1%), кимёвий маҳсулотлар (3,6%), қоғоз буюмлар (3,3%), фармацевтика воситалари (3,0%), транспорт воситалари (2,6%) ва ҳ.к.

2016 йил давомида жалб этилган Россия инвестицияларининг ҳажми 1 292,8 млн. долларни, жумладан нефтгаз тармоғидаги лойиҳаларда - 1 204,8 млн. долларни (93,2%) ва телекоммуникация соҳасида - 84,7 млн. долларни (6,5%) ташкил қилди.

Ўзбекистон Республикасида Россия сармояси иштирокидаги 961 та корхона фаолият юритиб, улардан 810 таси қўшма корхона ва 151 таси 100% Россия капиталига эга. Мамлакатимизда Россиянинг 64 та фирмаси ва компанияси ваколатхоналари аккредитациядан ўтган.

                                                    

Ўз навбатида, Россия ҳудудида Ўзбекистон Республикаси резидентлари иштирокидаги 569 та корхона ташкил этилган.

ЎзССП ахборот хизмати