02.10.2017 358

Ўзбекистон жаҳон виночилик ва ликёр-ароқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини жалб қилмоқда


Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси биносида виночилик ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритиб келаётган жумладан Нидерландия, Италия, Испания, Эстония, Латвия, Германия, Грузия, Россия, Украина каби Европанинг энг йирик компаниялари вакиллари жамланди.

Тадбир доирасида меҳмонлар учун инвестициявий муҳитни такомиллаштириш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида Ўзбекистоннинг салоҳиятига доир тақдимотлар ўтказилди.

Ўз навбатида, хорижлик иштирокчилар таъкидлаганидек, «Ўзбекистон жаҳондаги энг яхши узум навларини етиштириш ҳамда чет эл бозорларида талаб кучли бўлган юқори сифатли виноларни ишлаб чиқариш учун мос ноёб иқлимга эга бўлган камёб давлатлардан бири ҳисобланади. Жорий йилнинг сентябрь ойида республикада валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар Ўзбекистонни чет эллик компаниялар учун янги қиёфада намоён этди ва бугунги тадбир иштирокчиларининг таркиби ҳамда улар томонидан кўрсатилаётган қизиқиш бунинг яққол далилидир».

Хусусан, «RussianStandart» компаниянинг вакили Сергей Пушчинский қуйидаги фикрларни билдирди, “Компаниямиз жаҳоннинг 80 давлатида мавжуд бўлиб, тармоқдаги энг машҳур брендлардан бири саналади. Раҳбариятимиз томонидан Ўзбекистонда ҳам завод очиш масаласи кўрилаётган бўлиб, душанба куни ортга қайтишимиз билан ташриф якунлари бўйича берадиган ҳисоботимизда мазкур инвестициявий лойиҳани амалга оширишни тавсия этамиз. Бундан ташқари, Ўзбекистонга ташриф доирасида  Савдо-саноат палатаси кўмагида маҳаллий «Saphir Group» МЧЖ билан жорий йилдаёқ заводни қуриш бўйича қўшма ишни бошлаш тўғрисида келишувга эришдик ”.

Латвия Республикаси вакили Александр Сваревский, “Кейинчалик жаҳондаги энг йирик вино ишлаб чиқарувчиси саналган Германиядаги «Peter Mertes» заводига етказиб бериш учун Ўзбекистондан вино концентратини импорт қилишга тайёрмиз”, - дея хабар қилди. Мазкур масала бўйича  тадбирда қатнашиб, республикадаги виночилик тармоғи салоҳиятларини кўрсатиб беришда фаол иштирок этган «Ўзвинсаноат-холдинг» АЖ вакиллари билан келишувга эришилди.

Тадбир якунлари бўйича иштирокчилар айтганидек, Ўзбекистонга бўлган ташриф уларнинг умидларини оқлашдан ташқари, кутганларидан аъло натижаларни намоён этди. Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ҳамда кундан-кунга такомиллашиб бораётган инвестициявий муҳит эса республикамизга аниқ лойиҳалар билан яна қайтиб келиш учун барча асослар ва ишончни тақдим этмоқда.

ЎзССП ахборот хизмати