05.10.2017 1683

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонлик тадбиркорлар билан учрашди


“Навоий” эркин иқтисодий зонасида “Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кичик ва ўрта бизнес субъектлари билан ҳамкорлик механизмлари” мавзуида ўтказилган семинар-тренингда юртимизда иқтисодиётнинг реал сектори — тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш, кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини ошириш масалалари муҳокама этилди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирда Бухоро, Самарқанд ҳамда Навоий вилоятларида фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари вакиллари қатнашди.

Тадбирда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада равнақ топтириш мақсадида турли имтиёз ҳамда преференциялар қўлланилаётгани, айниқса, халқаро молия институтлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик, хориж инвестицияларини кенг жалб этиш чора-тадбирлари ижобий самаралар бераётганлиги аниқ рақамлар асосида таъкидлаб ўтилди. Хусусан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлик йилларида иқтисодиётимизнинг турли тармоқларига 500 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ жалб қилиниб, бунинг натижасида 54 лойиҳа амалга оширилган.

Шунингдек, семинарда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 16 март куни мамлакатимизга келган Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабарти билан учрашувида банк томонидан кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётганлиги эътироф этилди.

— Тадбиркорлигимиз тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган, — дейди Навоий шаҳрилик ишбилармон Ифора Муродова. — Келгусида бизнесимизни замонавий технологиялар асосида кенгайтириш ниятидамиз. Семинарда тадбиркорлар учун яратилган қўшимча янгиликлар хусусида атрофлича маълумот олдик. Ушбу нуфузли банк вакилларининг биз, тадбиркорлар билан учрашиб, ўз таклифларини бергани ҳамда ҳамкорлик ўрнатишни таклиф қилгани катта имкониятдир.

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Марказий Осиё ҳамда Россия бўйича бошқарувчи директори Наталья Ханженкованинг билдиришича, мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнесни янада тараққий топтириш, уларга молиявий кўмак бериш мақсадида тижорат банклари билан ҳамкорликда тизимли ишлар йўлга қўйилади. Бу табиийки, маҳаллий тадбиркорлик субъектларини модернизациялаш ҳамда уларнинг ўз рақобатдош маҳсулотлари билан жаҳон бозорига чиқишида муҳим омил бўлади.

— Ўзбекистонлик ишбилармонлар билан бўлиб ўтган самимий мулоқот менда катта таассурот қолдирди, — дейди Н. Ханженкова. — Семинардан аввал “Навоий” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар фаолияти билан яқиндан танишиб, амин бўлдимки, юртингизда тадбиркорликни ривожлантириш учун имкониятлар кенг. Биз кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларини қўллаб-қувватлаш борасида ўз вазифаларимизни белгилаб олдик. Бу борадаги илк лойиҳаларни муҳокама этдик. Ишбилармонларга қандай консальтинг хизматлари кўрсатиш лозимлиги бўйича режалар туздик. Умид қиламизки, юртингизда кичик бизнесни янада ривожлантириш бўйича мамлакатингиз Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликдаги ишларимиз ўз самарасини беради. Семинарда вилоят ҳокими Қ. Турсунов иштирок этди.

Manba: «xs.uz»