11.10.2017 504

Мамлакатимизда Тожикистон миллий маҳсулотлари кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди


2017 йил 11 октябрь куни мамлакатимизда Тожикистон миллий маҳсулотлари кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди. Кўргазма доирасида шунингдек, Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форумини ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Тадбир ташкилотчилари сифатида ўзбек томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси, тожик томонидан эса – Тожикистон Республикаси Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси, Саноат ва янги технологиялар вазирлиги, “Тожикинвест” ДУК ҳамда Тожикистон ССП иштирок этмоқда.

 

                                             

 

Кўргазмада иштирок этиш учун Тожикистон Республикасининг турли ҳудудларидан нефтгаз сектори, саноат ва қурилиш соҳаси, транспорт, фойдали қазилмаларни олиш, агросаноат, фармакология, енгил саноат, иқтисодиётнинг қайта ишлаш соҳалари, соғлиқни сақлаш, таълим, фан ва техника, туризм каби тармоқларида банд бўлган 100 дан зиёд йирик корхоналар ва компанияларининг 300 дан ортиқ вакиллари ташриф буюрган.

Жорий йилнинг апрель ойида Душанбе шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон Миллий саноат ярмаркаси ҳамда икки давлат бизнес-доираларининг бизнес-форумида Ўзбекистон ва Тожикистоннинг 500 дан ортиқ тадбиркорлари қатнашди. Ушбу тадбирларнинг якунлари бўйича мамлакатларимиз тадбиркорлари ўртасида умумий қиймати 50 млн. АҚШ долларига тенг савдо шартномалари ва инвестиция битимлари имзоланди.

Ташкил этилаётган тадбирлардан кўзланган мақсад икки давлат тадбиркорлари ўртасида савдо алоқаларини йўлга қўйиш ва кенгайтиришга кўмаклашиш, янги қўшма корхоналар сонини ва икки томонлама маҳсулот айланмаси ҳажмини оширишдан иборат.

Шу билан бирга, айни кунларда (11-13 октябрь) Ўзбекистонда Тожикистон маданият кунларига бағишланган тадбирлар ўтказилаётган бўлиб, уларнинг доирасида “Замонавий Тожикистон” фотокўргазмаси ҳамда халқ усталари маҳсулотларининг намойиши, Тожикистон ҳақидаги китоблар тақдимотлари, Тожикистон бадиий фильмлари намойиши ҳамда Тожикистон маданият ва санъат ходимларининг концерт дастури ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик яқин қўшничилик, дўстлик ва ўзаро ҳурматнинг кўп асрлик анъаналари билан боғланган икки халқнинг туб манфаатларига хизмат қилиб, иқтисодий тараққиётда янги савдо йўлининг яратилишини кўзда тутади. Мувофиқ бизнес-доиралар ўртасидаги алоқалар ва маданий-гуманитар мулоқотнинг янада кенгайтирилиши икки мамлакатнинг қардош Халқлари ўртасидаги ўзаро қўшничлик ва дўстликнинг мустаҳкамланишига қўшимча маъно бағишлайди.

 

ЎзССП Ахборот хизмати