18.10.2017 384

Япония ишбилармон доира вакиллари иштирокида давра сухбати ўтказилди.


Жорий йил 18 октябрь куни Савдо-саноат палатаси томонидан 20 дан ортиқ япон компаниялари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Ушбу тадбирни ташкил этишдан кўзланган мақсад ўзбек ва япон компаниялари ўртасида савдо алоқалари йўлга қўйилишига кўмаклашиш, янги қўшма корхоналарни ишга тушириш ва янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги савдо алоқаларини йўлга қўйиш ва кенгайтиришда ёрдам бериш, икки томонлама маҳсулот айланмасини оширишдан иборат.

Хусусан, Япония компанияларининг фаолият йўналишлари суюлтирилган углеводородли газни етказиб бериш ҳамда саноат печлари, ёндириш учун ускуналарни ишлаб чиқариш, ресторатор озиқ-овқат, менежмент, молия, бизнес соҳасида консалтинг хизматлари, банклар, туризм, клиник ташҳис ускуналари ва клиник реактивларни ишлаб чиқариш, шунингдек темир йўл хизматларини тақдим этиш каби тармоқларни қамраб олади.

Ишбилармонлик учрашуви чоғида икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир масалалар ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси мутахассислари томонидан Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестицион салохияти тақдим этилди.  

Айтиш керакки, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ўзаро маҳсулот айланмасининг ҳажми йилдан-йилга жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Жумладан, 2016 йил якунларига кўра икки томонлама маҳсулотлар айланмаси ҳажми қарийиб 260,0 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, 1994 йилда ташкил этилган иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Япония ва Япония-Ўзбекистон қўмиталари савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришда катта аҳамият касб этади. Ушбу қўмиталарнинг 13-қўшма мажлиси 2016 йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган.

Япониянинг молиявий-техник кўмаги туфайли Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт, телекоммуникациялар каби соҳаларда қатор ижтимоий аҳамиятга молик ва инфратузилмавий лойиҳалар амалга оширилган.

Бундан ташқари, 1999 йилдан буён Ўзбекистонда Япония Халқаро ҳамкорлик Агентлиги (JICA) ва Япония ташқи савдо ташкилоти (JETRO), шунингдек, Ўзбекистон-Япония марказининг минтақавий офислари фаолият юритиб келади.

 

ЎзССП Ахборот хизмати