09.11.2017 199

“Ўзбекистоннинг ҳуқуқий тизимида арбитраж муҳокамасини такомиллаш-тиришнинг долзарб масалалари: миллий амалиёт ва халқаро тажриба”


2017 йил 9 ноябрда Тошкент шаҳрида Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги ва Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида “Ўзбекистоннинг ҳуқуқий тизимида арбитраж муҳокамасини такомиллаш-тиришнинг долзарб масалалри: миллий амалиёт ва халқаро тажриба” мавзусида Халқаро илмий-амалий семинар ташкил қилинди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, адлия, иқтисодиёт, молия ва ташқи савдо вазирликлари, Савдо-саноат палатаси масъул ходимлари, халқаро тижорат арбитражларининг арбитрлари, тижорат арбитражи соҳасида фаолият олиб бораётган Франция ва Ўзбекистонлик мутахассислар, адвокатлар ва ҳуқуқшунос олимлар, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Илмий-амалий семинарда “Ўзбекистонда халқаро тижорат арбитраж судини ташкил қилиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чоралар”, “Тижорат арбитражи: тушунчаси, принциплари ва афзалликлари”, “Халқаро тижорат арбитражларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш тизимини такомиллаштириш”, “Арбитраж битими (арбитраж шарти) – тушунчаси ва ҳуқуқий табиати”, “Халқаро тижорат арбитражларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш бўйича иқтисодий судларнинг амалиёти”, “Халқаро тижорат арбитражининг юрисдикцияси – аҳамияти ва тўғри танлашнинг муҳимлиги” ва бошқа мавзуларда маърузалар тингланди.

Маърузаларда таъкидланганидек, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, хусусий мулк муҳофазаси ва кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, инвестиция муҳити ва ишбилармонлик ҳолатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар изчил равишда амалга оширилмоқда.

Чет эл инвестицияси, шу жумладан тўғридан тўғри инвестицияларни жалб қилишдан манфаатдор бўлган давлатлар учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш, қонунлар ва уларни қўллаш амалиётини такомиллаштириш устувор йўналиш ҳисобланади.  Халқаро тижорат низоларни ҳал қилиш соҳаси давлатнинг позитив фаолиятининг жуда муҳим объектларидан биридир. Обрўли, юқори малакали арбитраж халқаро тадбиркорлик муҳитида давлатнинг ижобий қиёфасини шакллантиради, унинг салоҳиятини (репутациясини) мустаҳкамлайди, ўз навбатида иқтисодиётни барқарорлаштиришга, шу жумладан қулай инвестиция муҳити яратиш орқали олиб келади.

Халқаро тижорат арбитражи низоларни ҳал қилишнинг мослаштирилган таомилларини яратиш имкониятини беради, бу эса уни мураккаб тижорат трансакциялари учун қудратли воситага айлантиради. Таомилларнинг ихчамлиги, тижорат сирларини ва ишчанлик обрўсини юқори даражада ҳимоя қилишни таъминлашга имкон берувчи махфийликнинг кафолатланганлиги, юқори малакали мутахассисларни арбитр сифатида танлаш имконияти – халқаро тижорат арбитражини инвесторлар ва халқаро савдо субъектлари учун низоларни ҳал қилишнинг жозибадор усулига айлантиради. Айнан шунинг учун ҳам ўз иқтисодиётига чет эл инвестицияси оқимини кенгайтиришни истайдиган мамлакатлар ҳам ҳуқуқий, ҳам ташкилий жиҳатдан халқаро тижорат арбитражи соҳасини ривожлантириши зарур.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда мазкур соҳадаги халқаро битимларга қўшилиш бўйича мақсадли ва босқичма-босқич ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон 1993 йил 7 майда ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, Ўзбекистон Республикасида хорижий инвесторларнинг халқаро миқёсда эътироф этилган кафолатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш мақсадларида Давлатлар ва ажнабий шахслар ўртасидаги инвестицияга доир низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисидаги (1965 йил Вашингтонда қабул қилинган) Конвенцияга, 1995 йил 22 декабрда эса Чет эл арбитражлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида 1958 йил 10 июндаги Нью-Йорк Конвенциясига қўшилган.

Бу соҳадаги мамлакатимизнинг мантиқий қадами халқаро тижорат арбитражи тўғрисидаги қонунни қабул қилишдир. Мазкур йўналишда қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда:

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 217 йил 19 июндаги ПФ-5087-сонли «Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан  муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси таркибида хорижий инвесторлар, шунингдек, чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларда миллий компанияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли муҳофаза қилишини таъминлаш бўйича халқаро тижорат арбитраж судини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар Режаси тасдиқланди.

Иккинчидан, Комплекс чора-тадбирларни амалга оширувчи Ишчи гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди ва Вазирлар Маҳкамасига киритилмоқда.

 

Семинар иштирокчиларининг умумий фикрлари бўйича бундай тадбирлар нафақат арбитраж муҳокамасини такомиллаштириш ва унинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга, балки бизнеснинг, шу жумладан хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишга, бу соҳадаги миллий тажрибамизни чет элларда кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.