10.11.2017 387

АҚШга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича логистика ва божхона муаммоларини муҳокамасига бағишланган "давра сухбати"


Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Америка-Ўзбекистон савдо палатаси ҳамкорлигида шу йилнинг 10 ноябрь куни республикамизнинг барча вилоятларидан келган тадбиркорлар иштирокида видеоанжуман шаклидаги навбатдаги давра суҳбати ўтказилди.

Мазкур давра суҳбатининг асосий мавзуси АҚШга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича логистика ва божхона муаммоларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Кун тартиби лойиҳасидан икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари, шунингдек, АҚШга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича логистика ва божхона муаммоларини ҳал қилиш каби масалалар ўрин олди.

Таъкидлаш керакки, мамлакат аҳолиси учун қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорларни ҳамёнбоп ва сифатли қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан янада тўйинтириш, аҳоли эҳтиёжларидан ортадиган маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш ҳажмларини кенгайтириш ва қишлоқ ҳудудидаги аҳолининг даромадларини ошириш, шунингдек, ҳамюртларимизнинг турмуш даражасини ошириш учун аҳолининг томорқа майдонларидан самарали фойдаланиш ўта муҳим аҳамият касб этади.

Давра суҳбати чоғида қайд этилганидек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида кўп йиллик бой тажриба ҳамда юксак илмий салоҳиятга эга.

Шу билан бирга, ишбилармонлик учрашуви давомида икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Ўзбекистонга Америка бизнесини жалб қилиш ҳамда икки давлат ишбилармонлик доиралари ўртасида самарали мулоқотни ташкил этишда 1993 йилда ташкил топган Америка-Ўзбекистон савдо палатаси (АЎСП) ўзига хос ўрин тутади.

Айтиш зарурки, 2016 йилда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ёрдамида икки давлат ўртасидаги ўзаро маҳсулотлар айланмасини 70 фоизга ошириб, 454 миллион долларга етказишга эришилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда Америка капитали иштирокидаги 164 та корхона фаолият юритади, Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган АҚШ инвестицияларининг ҳажми эса 1 млрд. АҚШ доллардан ошди.

 

ЎзССП Ахборот хизмати