15.11.2017 299

Покистон журналистлари ва медиа экспертлари делегацияси Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига ташриф буюрди


14 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида Халид Темур Акрам раҳбарлигидаги Умумпокистон босма нашрлари жамиятининг делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Ташрифдан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати тамойиллари ва устуворликлари тўғрисидаги холисона маълумотни Покистоннинг сиёсий-шакллантирувчи ва эксперт-таҳлилий доираларига етказиш, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестиция ва туризм соҳаларида Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлик алокаларини янада кенгайтиришдан иборат бўлди.

Учрашув чоғида Покистон ОАВ вакилларига тадбиркорлик муҳити, инвестиция ҳолатини янада ривожлантириш ва яхшилаш, шунингдек тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуси билан қабул қилинган «2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси»нинг ижро этилиши тўғрисида маълумот тақдим этилди.

Покистонлик меҳмонлар мамлакатимиз, Самарқандда бўлиб ўтган кенг кўламли форумдаги иштирокларидан олган таассуротлари билан ўртоқлашиб, барча ҳудудларда уларга кўрсатилган илиқ қабул учун миннатдорлик билдирдилар ва 200 миллион аҳолилик давлатда ОАВ қандай яшаши ва ишлаши ҳақида сўзлаб бердилар.

«APNS» катта вице-президенти, «The Daily Ibrat» нашрининг бош муҳаррири Асад Абид Казининг айтишича, Покистон медиа соҳасининг вакилларига Ўзбекистондаги етакчи нашрлар, журналистлар ижодий ташкилотларининг тажрибаси жуда қизиқдир. Унинг фикрича, ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши глобал ахборот муҳитида давлатларимизнинг имиджини яхшилаш, ютуқларни янада кенг ёритиш, жаҳонга ноёб маданият ва тарих, одамларнинг турмуши ҳақида сўзлаб бериш устида ҳамжиҳатликда иш олиб бориш имконини яратиши мумкин.

Учрашув давомида Покистон делегацияси вакиллари шунингдек, Ўзбекистоннинг қисқа вақт ичида иқтисодий ўсишини юқори баҳолаб, асосан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларнинг мамлакат иқтисодий ривожланишида роли катталигини, соханинг ривожланишида эса давлат томонидан куллай шарт-шароитлар ва имтиёзлар яратилиб, хар томонлама қўллаб қувватлаётганини алоҳида эътироф этишди.

Делегация меҳмонлари, шунингдек, Ўзбекистондаги ёшларни тадбиркорлик сохасига жалб қилиш, ўз бизнеси бошлаш, соҳага энди кириб келаётган ёш тадбиркорларнинг билим ва кўникмалари ошириш мақсадида, ўзларининг малакали соҳа мутахассисларини юртимизга жалб қилиш орқали ўзаро иқтисодий алоқаларни мустахкамлаш хамда тадбиркорлик сохасини янада ривожлантириш каби масалаларни амалга оширишда хамкорлик доираларини ўрнатиш бўйича ўз таклифларини билдирдилар.

Покистон томони шунингдек, Давлат инвестициялар қўмитасининг раҳбарияти билан учрашув якунлари ҳақида ҳам сўзлаб, 2018 йилнинг февраль ойи охири ва март ойи бошларида қўшма инвестиция бизнес-форумини ўтказиш режалари мавжудлигини хабар қилди.

 

ЎзССП Ахборот хизмати