15.11.2017 575

Марказий Осиёда қишлоқ туризми ва инклюзив иқтисодий тараққиётга оид ҳамжамиятларга асосланган туризм бизнес ташкилотларининг салоҳиятини кучайтириш


Савдо-саноат палатаси томонидан Глобал Тадбиркорлик Ҳафталиги доирасида “Марказий Осиёда қишлоқ туризми ва инклюзив иқтисодий тараққиётга оид ҳамжамиятларга асосланган туризм бизнес ташкилотларининг салоҳиятини кучайтириш” мавзуида 3 кунлик семинар-тренинг ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистондаги туризм компанияларининг 15 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Тренинг дастури сайёҳларга, жумладан, маҳаллий аҳолининг ўзига хос маданиятини намойиш этиш каби маданий-кўнгилочар дастурларни таклиқ этадиган меҳмонхона уйлар ва қишлоқ туризми фаолиятини ташкил этиш ва муваффақиятли бошқариш бўйича иштирокчилар салоҳиятини мустаҳкамлашга йўналтирилган.

Қишлоқ туризми алоҳида туризм тури ҳисобланиб, бошқа туризм кўринишларидан ажралиб туради, яъни бир томондан, сайёҳларга маҳаллий аҳолининг миллий анъаналари билан бевосита танишишни таклиф қилса, бошқа томондан, мамлакатнинг чекка ҳудудларидаги қишлоқ оилаларининг турмуши ва даромади даражасининг ошишига ва бир вақтнинг ўзида миллий ҳамда маданий меросини сақлаб қолишга имкон яратди.

Семинар давомида мураббийлар томонидан қайд этилганидек, аҳолининг асосий қисми қишлоқ ҳудудида яшайдиган, асосий сайёҳлик марказларидаги ташриф жойлари нисбатан ривожланган туризм инфратузилмасига эга деҳқон ҳўжаликларига бевосита яқин жойлашган Ўзбекистон учун мазкур туризм маҳсулоти қатор қишлоқ хўжалиги ҳудудларини иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин.

Энг яхши халқаро тажриба таҳлилига кўра, қишлоқ туризмини ривожлантириш натижасида, асосан тунаш учун меҳмонхона уйларини тақдим этиш, озиқланиш ва гид-йўлбошловчилар хизматларини ташкил этиш, сайёҳларнинг бўш вақти ва маҳаллий ҳунармандлар томонидан ишланган эсдалик совғалари савдосини ташкил этиш ҳисобига маҳаллий аҳоли учун қўшимча даромад манбалари пайдо бўлади.

Муҳими, қишлоқ туризми сайёҳларни қабул қилаётган оилаларнинг турмуши яхшиланишига ҳам хизмат қилади, яъни вилоятлардаги турмуш даражаси ошишига олиб келади.

Мазкур соҳани ривожлантираётган вилоятларнинг аҳолиси сайёҳларни жалб қилиш учун зарур кўникмаларни эгаллаши даркор. Ҳар қандай туризм шакли сингари, қишлоқ туризми ҳам, айниқса бизнеснинг бу соҳасида тажрибага эга бўлмаган иштирокчиларда сайёҳлик хизматлари ва маҳсулотларини тақдим этиш бўйича махсус билим ва кўникмаларни талаб қилади. Ушбу тренингнинг ўтказилиши ҳам аҳолининг саводхонлиги даражаси, ҳам мамлакатимиз вилоятларининг сайёҳлик салоҳиятига ижобий таъсир кўрсатишини алоҳида таъкидлаш зарур.

 

ЎзССП Ахборот хизмати