29.11.2017 923

Эксперт кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли Фармони билан тасдиқланган Давлат дастурининг 186-бандида Жаҳон банкининг “Doing Business” халқаро ҳисоботида Ўзбекистон рейтингини юқори поғоналарга кўтариш бўйича бир қатор тадбирлар ўтказиш белгиланган.

Шу муносабат билан 28-29 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан Эксперт кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, “Сувсоз” ДУК, “Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” АО каби бошқа вазирлик ва идора ташкилот вакиллари қатнашди.

Мазкур тадбирни ўтказишдан асосий мақсад “Doing Business” халқаро ҳисоботида Ўзбекистоннинг ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш орқали мамлакатимиз рейтингини юқори поғоналарга кўтаришдир.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов – “Doing Business-2018” рейтингида Ўзбекистоннинг 74 поғонани эгаллашида бевосита ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришга қаратилган бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар учун яратиб берилаётган имконият ва имтиёзларнинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлади.

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан “Doing Business” халқаро ҳисоботида 11 соҳани қамраб олган: бизнесни бошлаш, қурилишга рухсат олиш, кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш, кредит олиш, солиқларни тўлаш, чегаралар орқали савдо қилиш, шартномалар тузиш каби йўналишларни янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Йиғилиш давомида иштирокчилар эътиборига “Электр тармоқларига уланиш”, “Мол-мулкни рўйхатдан ўтказиш” каби мавзулар бўйича таклифлар тайёрланди.

Бугун 29 ноябр куни Эксперт кенгаши ўз ишини давом эттирди ва унда “Қурилишга рухсат олиш” индикатори кўрсатгичларини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

 

ЎзССП Ахборот хизмати