30.11.2017 1009

Экспертлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши ташқи савдони ривожлантириш масалаларига бағишланди


Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида 2017 йил 29 ноябрь куни ташқи савдони ривожлантириш бўйича Экспертлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Марказий банки, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзстандарт” Агентлиги, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК, “Ўзагроэкспорт” АЖ, “Ўзбекэкспертиза” АЖ, “Ўзвинпромхолдинг” ХК, “Ўзбекенгилсаноат” АЖ, “Ўзконсалтсервис” АЖ, Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Ўзбекистон божхона брокерлари уюшмаси, Ўзбекистон Халқаро автомобилда юкларни ташувчилар уюшмасиҳамда турли саноат тармоқларидан ишлаб чиқариш корхоналари ва экспортерлар вакиллари иштирок этдилар.

Экспертлар кенгашининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш, шунингдек, экспорт контрактларини рўйхатга олиш ва импорт контрактларини экспертизадан ўтказишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 3 ноябрдаги ПФ-5215-сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3351-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2017 йил 6 ноябрдаги ПҚ-3377-сон қароридан тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, имтиёзлар ҳамда яратилган қулай шарт-шароитлар тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтилди.

Жумладан, мазкур қарорнинг асосий жиҳатлари ва муҳим томонларига тўхталиб ўилиб, жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб товар ва хизматларни экспорт қилиш бўйича экспортер корхоналарга 120 кун давомида хорижий харидорлар билан ҳисоб-китоб қилишнинг ягона муддати белгилаб қўйилганлиги, тадбиркорлик субъектлари товарлар ва хизматлар экспортини олдиндан тўловсиз, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ва тижорат рискини суғурта қилдирмасдан экспортга жўнатишлари учун имконият яратилганлиги таъкидланди. Бунда янги узилган мева-сабзавот маҳсулотлари ва баъзи товарлар (асосан хом ашё ресурслари, яъни пахта толаси, ип калава, пахта линти, нефть ва газ, электр энергияси, қимматбаҳо, рангли ва қора металларҳамда уларни чиқиндилари) экспорти учун алоҳида тартиб белгиланди.

Қарордаги яна муҳим жиҳат - жорий йилнинг 1 декабридан тадбиркорлик субъектлари товарлар ва хизматларни экспорт контракти тузмасдан инвойслар асосида экспортерларнинг Ўзбекистон банкларидаги ҳисоб рақамларига олдиндан тўлов 100% тушгандан сўнг ва Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига маълумотларни киритиш шарти билан экспорт қилиш ҳуқуқи берилади.

Шу билан бирга Эксперт кенгаши аъзолари эътиборига Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида қайд этилган Фармон ва қарорлари талабларидан келиб чиқадиган ва амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар тўғрисида ҳам атрофлича муҳокамалар бўлиб ўтди.

Жумладан, бу вазифалар қуйидагилардан иборат эканлиги Кенгаш аъзоларига етказилди:

- экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотларининг табиий йўқотиш нормативлари ва уларнинг фактура қийматига тузатишлар киритиш тартибини ишлаб чиқиш;

- Ўзбекистон Республикасининг мева-сабзавот маҳсулотларининг савдоси ва экспорти соҳасида янги халқаро шартномалар тузиш ҳамда амалдагиларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш; 

- амалдаги норматив ҳужжатлар, санитария норма ва қоидалари, фитосанитария талабларини халқаро стандартлар, шунингдек, маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларининг потенциал импорт қилувчи хорижий мамлакатлар талабларини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш;

- республикада халқаро стандартларни, шу жумладан “ISO 22000”, “Ҳалол” стандартларини жорий этиш ва кейинчалик қўллаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш;

кўргазма тадбирларини ўтказишга мўлжалланган товарларни (маҳсулотларни) олиб чиқиб кетиш тартибини соддалаштиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш шулар жумласидандир.

Кенгашда шу билан бирга Германия Халқаро ҳамкорлик ташкилотининг “Марказий Осиёда савдо тартиб-таомиллларини соддалаштириш” Дастури доирасида амалга оширилган “Марказий Осиёдан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт бозорларига диверсификациялаш имконитлари”га бағишланган тадқиқот натижалари тўғрисида тақдимот қилинди.

Унда Марказий Осиё давлатлари учун мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш бўйича 10 та энг йирик харидор давлатлардаги бозор имкониятлари, ундаги мавжуд талаб ва таклиф, маҳсулотларга бўлган стандартлар ва фитосанитар талаблар, хорижий бозорларга кириш имкониятлари батафсил ёритиб берилди.

Шу билан бирга республикмизда етиштириладиган мева-сабзавот маҳсулотларини хорижий бозорларга олиб киришни қулай усуллари бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар тўғрисида тўхталиб ўтилди.

Кенгаш йиғилишининг навбатдаги масаласи сифатида “Хусусий секторнинг ТИФ соҳасида ахборот хизматларига бўлган талбаларини аниқлаш” мавзусида ўтказилган тадқиқот якунлари Савдо-саноат платасининг “SSP Maroqand” УКси вакили томонидан тақдимот қилинди.

Унда республикамиз ҳудудларида тадбиркорлик субъектлари орасида ўтказилган сўровнома натижалари асосида Электрон ахборот манбааларига бўлган талаб, уларнинг сифат жиҳатидан тегишли ахборотни етказиб беришдаги имкониятлари, ТИФ соҳасидаги долзарб маълумотлар ҳамда мобиль алоқа воситаларида янги электрон дастурларни ишлаб чиқиш масалалари батафсил ёритиб берилди.

Йиғлишда жорий йилнинг 13-15 ноябрь кунлари Марказий Осиё давлатлари Божхона брокерларининг Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё – глобал транзит марказ: Географик жойлашувнинг авзалликлари” мавзусида ўтказилган Халқаро минтақвий конференциядаги иштироки якунларига бағишланган маъруза тингланди.


ЎзССП Ахборот хизмати