01.12.2017 332

Солиқ қонунчилигини такомиллаштириш бўйича Эксперт кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди


Давлатни дунёга танитадиган ва халқнинг яшаш шароитларини ривожлантирадиган соҳа бу тадбиркорликдир. Шу боисдан, давлатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида уларга имкониятлар эшиги очилмоқда. Мамлакат иқтисодиётининг ривожида солиқларнинг муҳим ўрни бор эканлигини ҳам инобатга олган ҳолда, уни такомиллаштириш борасидаги янги изланишлар ҳозирга қадар давом этмоқда. Аммо, қаратилган кўплаб имкониятларга қарамай, қонунга хилоф иш юритаётган тадбиркорлар ва мол-мулк эгалари ҳам йўқ эмас. Ҳозирда, жорий этилган солиқ тизими уларда муаммолар келтириб чиқармаслиги ва ноқулайлик туғдирмаслиги асосий мақсадлардан бири ҳисобланади.

Шу сабабли, 30 ноябрь куни "Солиқ қонунчилигини такомиллаштириш" бўйича Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Эксперт кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. 

Унда иштирокчилар томонидан мавжуд солиқ тизимидаги камчиликларни бартараф этувчи фикрлар, солиқ кодексидаги камчиликларни бартараф қилишга доир таклифларни беришди. Шу билан бирга аҳоли турмушида макро ва микро фирмалари ҳамда мол-мулк эгаларидан олинадиган, яъни улар учун белгиланган солиқ тизими ушбу объектларга ижобий ҳолат бўла олишидир. Бунда улар учун умумбелгиланган солиқ режимидаги солиқ юкини камайтириш, корхоналарга тадбиқ қилишни кучайтириб, уларни солиқ режимига ўтказишини осонлаштириш, солиқ бўйича қарздорликни камайтириш ва солиқ тўловини табақалаштиришдир. Яъни, фаолият турларига қараб солиқларни ундириш таклифи берилган.

Кенгаш шу билан бирга, солиқ қонунчилигини нотўғри қўллагани учун солиқ органи мансабдор шахсларининг жавобгарлиги тўғрисида алоҳида модда киритишни таклиф этди.

Экспертлар тадбиркорлар томонидан солиқ соҳасидаги муаммоли масалаларни ҳал этиш мақсадида, ДСҚ қошида эмас, балки ССП қошида Эксперт кенгашини ташкил этиш, мазкур кенгаш таклифи суд томонидан ишлар кўрилишида инобатга олиниши тўғрисидаги таклифларни маъқуллашди.

Шунингдек, Солиқ кодексига тез-тез киритилаётган ўзгаришларни бартараф этиш мақсадида, кодексга бир йилда бир марта – фақат йил бошида ўзгартириш киритиш таклиф этилди.

Таклифларни тўлиқ матни билан сайтимизда жойлаштирилган презентациялар орқали танишишингиз мумкин.

 

ЎзССП Ахборот хизмати