04.12.2017 1363

“Марказий Осиёда ҳакамлик арбитражи институтининг ривожланиш истиқболлари”


2017 йил 30 ноябрда Бишкек шаҳрида Қирғизистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро ҳакамлик суди фаолиятининг 15 йиллигига бағишланган “Марказий Осиёда ҳакамлик арбитражи институтининг ривожланиш истиқболлари” мавзусида Халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Қирғизистон Республикаси Ҳукумати вице-премьери Даир Кенекеев, Президенти девони, Қирғизистон Республикасидаги Европа Иттифоқи делегацияси,  Европа Иттифоқининг “Қирғизистон Республикасида ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш” лойиҳаси, “Марказий Осиё мамлакатларида ҳуқуқий давлатчиликка кўмаклашиш” GIZ дастури вакиллари, Швеция, Хитой, Украина, Тожикистон, Ўзбекистон  халқаро тижорат арбитражларининг раҳбарлари ва арбитрлари, тижорат арбитражи соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассислар, адвокатлар ва ҳуқуқшунос олимлар, шунингдек бизнес ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Халқаро конференцияда Стокгольм (Швеция) Савдо палатаси Арбитраж институти раисининг ўринбосари, ҳуқуқ доктори - Патрисия Шонесси, Чинжоу (Хитой) арбитраж комиссияси Бош котибининг ўринбосари – Лу Женбао, истеъфодаги судья, медиация бўйича тренер (Германия) – Артур Троссен, халқаро арбитр (Греция, Чехия ва бошқалар) – Апостолос Антимос, Украина Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж суди раисининг ўринбосари – Захарченко Татьяна Геннадиевна, Тожикистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж суди раисининг ўринбосари Гоибназар Амирходжа, Қирғизистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро ҳакамлик судининг раиси Майчиев Шамарал Юсуповичларнинг халқаро тижорат арбитражини ривожлантиришга бағишланган маърузалари тингланди.

Шунингдек конференцияда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж судининг раиси Отахонов Фозилжон Хайдарович “Ўзбекистон-нинг замонавий ҳуқуқий тизимида ҳакамлик муҳокамасини такомиллаш-тиришнинг долзарб масалалари” мавзусида маъруза қилди.

Конференцияда таъкидланганидек, бозор муносабатлари ривожланиши билан ҳакамлик муҳокамаси ва халқаро арбитраж институти йилдан йилга муҳим аҳамият касб этмоқда. Қиғизистонда мазкур институт фаолияти жаҳон ҳамжамияти томонидан халқаро тижорат арбитражи соҳасида қабул қилинган барча ҳозирги замон андозаларига мос келади. 

Ҳозирги шароитда ҳакамлик муҳокамаси тадбиркорлар манфаатларини  ҳимоя қилишнинг зарур ва самарали шакли ҳисобланади, тижорат низоларини малакали ҳал қилиш тизими эса  ташқи иқтисодий муносабатлар ва халқаро савдони рвожланишига кўмаклашади.

Ҳозирги кунда Қирғизистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро ҳакамлик суди ўзининг қисқа, яъни 15 йиллик фаолияти давомида Марказий Осиё мамлакатларидаги арбитраж марказлари қаторида жуда самарали ривожланиб келмоқда. Бунга мазкур институтнинг фаол иши, донорлар ҳамжамиятининг кўмаги ва қўллаб-қувватлаши, арбитрларнинг юқори малакаси ва принципиаллиги туфайли эришилди. 

Таъкидлаш лозимки, Қирғизистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро ҳакамлик судида низолар тарафларнинг истакларига кўра Регламент ёки тезкор Регламент қоидалари  бўйича кўриб чиқилади. Ҳозирги пайтда янги қўлланиладиган қоидалар – кичик жюри Регламенти тайёрланмоқда, уни тадбиқ қилиниши бизнес ҳамжамияти учун низоларни янада тезроқ ва самарали ҳал қилиш имкониятини яратади.

2004 йилдан буён Қирғизистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро ҳакамлик судида умумий суммаси 80 млн. доллар бўлган 814 та, шу жумладан 47 та хорижий компаниялар иштирокидаги низолар кўриб чиқилган. Қирғизистон 1997 йилда  “Чет эл арбитражлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида” 1958 йил 10 июндаги Нью-Йорк Конвенциясига қўшилганлиги сабабли жаҳоннинг 157 мамлакатида Қирғизистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро ҳакамлик суди ҳал қилув қарорларининг ижроси кафолатланади.

Қирғизистон  Савдо-саноат палатаси раиси Марат Шаршекеев ўз нутқида - “ҳакамлик судининг фаолияти – мамлакатда демократия мавжудлигининг яққол кўринишидир. Қирғизистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро ҳакамлик судининг бош мақсади – халқаро майдонга чиқишдир” – деб таъкидлади.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж судининг раиси Фозилжон Отахонов ҳам ўзаро халқаро ҳамкорлик  ҳақида алоҳида тўхталди. Жумладан у – “яқин келажакда Марказий Осиёда ҳакамлик судлари (халқаро арбитражлар)ни бирлаштирувчи халқаро ассоциация тузилишига умид қилишини билдирди”. Шунингдек Ф.Отахонов биргаликда “Арбитраж ва медиация” журналини электрон тарзда чиқаришни таклиф қилди, унда ҳакамлик муҳокамаси, тижорат арбитражи, медиацияга оид қизиқарли мақолалар, аниқ мисолларда низоларни ҳал қилиш амалиёти, шунингдек маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериб борилиши тажриба алмашиш учун қулай  эканлигини таъкидлади. Журналнинг  ҳар йили бешта сони чиқарилиши ва ҳар бир сонига Марказий Осиёдаги бешта давлатдан бири масъул бўлиши мақсадга мувофиқлигини қайд қилди.

Фозилжон Отахоновнинг юқоридаги ташаббуслари конференциянинг барча иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди.

Қирғизистонда Халқаро арбитраж судини ривожлантиришга давлат ҳам алоҳида эътибор бермоқда. Конференцияда Қирғизистон Ҳукумати вице-премьери Даир Кенекеев – “мазкур расмий тадбир Қирғизистонда арбитражни ривожлантиришга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Қирғизистонда Халқаро ҳакамлик суди институтини ривожлантириш 2017-2040 йилларга мўлжалланган ривожланишнинг миллий давлат стратегиясига фаол киритилади, шунингдек “Тоза қум” лойиҳасига ҳамоҳанг ишлайди”- деб таъкидлади.

Арбитраж судининг ривожланишига Европалик ҳамкорлар ҳам кўмак беришига ишонч бор. Бу ҳақда Қирғизистон Республикасидаги Европа Иттифоқи делегацияси вакили Никола Скарамуццо гапирди. Жумладан у – “Қирғизистон халқаро иқтисодий жараёнда янада фаол иштирок этаётган ҳолатда Халқаро ҳакамлик суди вужудга келганлиги ва фаолияти ҳозирги кунда жуда долзарб ҳисобланади ва Европа Иттифоқи ушбу лойиҳага катта аҳамият бермоқда, шунингдек унинг ривожланиши учун юқори даражада ҳаракат қилади”- деб таъкидлади.

Халқаро конференция якунида Қирғизистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро ҳакамлик суди билан Ўзбекистон, Украина, Тожикистон халқаро арбитраж судлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзоланди.