05.12.2017 344

“Бизнес билан танишув” мавзусидаги малака ошириш ўқув машғулотлари ташкил этилди.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5087-сонли Фармонда кўзда тутилган вазифалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-3068-сонли қарори 6-бандининг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ва Савдо-саноат палатаси томонидан “Ўзбекистонда касбий кўникмаларни ривожлантириш” IV фаза лойиҳасининг молиявий кўмагида Халқаро Меҳнат Ташкилоти томонидан тайёрланган “Know About Business” (Бизнес билан танишув) қўлланмаси ўзбек ва рус тилларига таржима қилинди.

“Бизнес билан танишув” ўқув қўлланмаси асосида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармалари ва Тадбиркорликка кўмаклашиш марказларининг раҳбарлари ва мутахассислари учун 28 ноябрдан 5 декабргача Наманган вилоятининг Тўрақўрғон, Чуст ва Наманган туманларида “Бизнес билан танишув” мавзусидаги малака ошириш ўқув машғулотлари ташкил этилди. Ушбу ўқув машғулотларида Тўрақўрғон, Косонсой, Чуст, Поп, Наманган ва Мингбулоқ туманларидаги касб-ҳунар коллежларининг “Тадбиркорлик ва ишга жойлаштириш асослари” фан ўқитувчилари ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Наманган вилоят ҳудудий бошқармасининг мазкур туманлардаги “Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари”нинг раҳбар ва мутахассислари иштирок этдилар.

“Бизнес билан танишув” ўқув курси ўз бизнесини бошламоқчи бўлганлар учун биринчи босқич курс бўлиб, ўқув курси иштирокчиларининг корхоналарнинг турлари ва тадбиркорларнинг жамиятда тутган ўрни ва тадбиркорликнинг жамият учун муҳимлиги, ўз вақтини бошқариш, ўз-ўзини банд қилиш, тадбиркорлик мақсадларини қўйиш, масъулиятни ўзига олиш, тадбиркорлик қарорларини қабул қилиш, музокаралар олиб бориш, тадбиркорга муваффақият келтирувчи қобилиятлар, корхоналарни муваффақиятли ташкил этишнинг асосий омиллари,тадбиркорлик ғояларини шакллантириш усуллари ва ишбилармон доираларда очиладиган имкониятларни аниқлаш, корхонани ташкил қилиш учун ресурсларнинг манбаалари ва уларини сафарбар этиш,ходимларни танлаш ва уларни бошқариш, тадбиркорлик учун ахборот манбалари, бизнес режа ва унинг натижалари қандай талқин қилиниши бўйича малакалари оширилди.

Ўқув курсларида қатнашган иштирокчиларга Наманган вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси ва Савдо-саноат палатаси Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси хузуридаги “Zamonaviy kelajak ta’lim”НТМ томонидан сертификатлар тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз жорий йилнинг 26-27 октябрь кунлари бу каби 2 кунлик семинар-тренинг Тошкент шахрида ўтказилган эди. Эндиликда Норин, Учқўрғон, Янгиқўрғон, Чортоқ, Уйчи ва Наманган шаҳри фаолият кўрсатувчи касб хунар коллежлари ҳамда “Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари”нинг вакиллари учун ҳудди шундай ўқув машғулотлари Норин ва Янгиқўрғон туманлари ҳамда Наманган шаҳрида ўтказиш режалаштирилган.

 

ЎзССП Ахборот хизмати