05.12.2017 1772

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан экспертлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди


Бугунги кунда кундалик ҳаётимизда риэлторлик сўзини кўп бора эшитмоқдамиз. Риэлторлик юридик  ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектлари  ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимлар тузиш билан боғлиқ хизматларни  шартнома асосида кўрсатиш бўйича тадбиркорлик фаолиятидир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги ПФ-5087-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Экспертлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Риэлторлик ташкилотлари уюшмаси, Давлат солиқ Қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Бош прокуратура хузуридаги Департамент вакиллари иштирок этишди.

Иштирокчилар томонидан кун тартибига қўйилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Риэлторлик фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси кўриб чиқилди.

Йиғилиш давомида, кўчмас мулк бозори  ва риэлторлик хизматларини янада ривожлантириш, уларнинг фаолиятини давлат томонидан тартибга солинишини соддалаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш ва бошқа масалалар бўйича қизғин музокаралар олиб борилди. Музокаралар марказида риэлторлик фаолиятини лицензиялаш ваколатини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ўтказиш, риэлторлик ташкилотининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш бўйича талабларни белгилаш, риэлторлик ташкилотлари орқали кўчмас мулк ва биноларни 6 ойгача қисқа муддатли ижарага бериш масалалари кўрилиб, соҳанинг истиқболлари, ютуқ ва камчиликлари муҳокама қилинди.

Эришилаётган натижалар билан биргаликда ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжуд. Кўчмас мулк бозорида ҳозирда ҳам ноқонуний воситачилар фаолият кўрсатаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу борада риэлторлик ташкилотлари уюшмаси ижрочи директори Абдумалик Алиев сўзга чиқиб: "Бизнинг мақсадимиз ноқонуний маклерларни бартараф этиш, бозорларимизни ривожлантириш нафақат иқтисодий, маънавий  ва маданий юксалишига интилиш керак"лигини - айтиб ўтди. Шунингдек вилоятларда фаолият кўрсатаётган риэлторлик ташкилотларнинг сонига қаратиб, бугугнги кунда Самарқандда-10, Қашқадарёда-8, Бухорода-4 та ва Хоразмда эса умуман йўқлигини таъкидлади.

Йиғилиш сўнггида эксперт кенгаши аъзолари томонидан иштирокчилар билдирган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар, келтирилган муаммоли масалалар жойида ўрганилиб, уларнинг ечими бўйича тегишли чора тадбирлар белгилаб олинди.

 

ЎзССП Ахборот хизмати