14.12.2017 1261

Ўзбекистон ва Қирғистон Савдо-иқтисодий сессияси натижалари


Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбековнинг Ўзбекистон Республикасига расмий давлат ташрифи доирасида 2017 йил 13 декабрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Узбекистон Ташки савдо вазирлиги билан хамкорликда икки давлатнинг ишбилармон доиралари иштирокида Ўзбекистон ва Қирғистон Савдо-иқтисодий сессияси ўтказилди.

Сессияда Қирғизистоннинг машинасозлик, қурилиш, озиқ-овқат, қадоқлаш, енгил саноат, ахборот технологиялари йўналишлари бўйича 100 дан ортиқ компаниялари иштирок этди.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад икки давлат тадбиркорлари ўртасида савдо алоқаларини йўлга қўйиш ва кенгайтиришни, янги қўшма корхоналар сони ўсишини ҳамда икки томонлама маҳсулотлар айланмаси ошишини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди.

Форум давомида Узбекистон ва Киргизистон давлатлари ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 60% дан ошгани, бу эса, ўз навбатида тадбиркорларнинг савдо соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтирибгина қолмай, ўзаро истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда ҳам шерикчилик кўламани тобора кенгайтириб бораётганидан далолат бериши таъкидланди.

“Давлат ва бизнес” форматида бўлиб ўтган учрашувда тадбиркорлик субъектлари икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идора раҳбарларидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, солиқ ва божхона тўловлари бўйича яратилган имтиёзлар хусусида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олиш имкониятига эга бўлдилар.

Сессия доирасида Ўзбекистон Ташқи Савдо Вазирлиги ва Қирғизистон Иқтисодиёт Вазирлиги ўртасида ҳамкорликни мустахкамлаш,  тўғрисидаги битим, Ўзбекистон Республикаси ва Кирғистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий, инвестицион ва транспорт-коммуникация сохасини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш  борасида 2017-2019 йиллар учун  чора тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”), шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Қирғизистон Республикаси Савдо-саноат  палатаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”) каби мухим ахамиятга эга хужжатлар имзоланди.

Тадбир давомида енгил саноат, қурилиш саноати, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати йўналишлари бўйича давра суҳбатлари бўлиб ўтди. Бу эса, ўз навбатида тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри хамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ўзаро манфаатли шартномаларни имзолаш имкониятини яратди.

Сессиялар якуни бўйича умумий қиймати қарийиб 140 млн. АҚШ долларига тенг 60 га яқин шартномалар имзоланди. Ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича имзоланган бу каби ҳужжатлар ва битимлар мамлакатларимиз тадбиркорлари учун мавжуд икки томонлама ҳамкорлик салоҳиятини ривожлантириш ва кенгайтириш учун мустаҳкам замин барпо этади.

Қирғизистон делегацияси вакиллари Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмасига ташриф буюриб, маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чикарилган маҳсулотлар билан яқиндан танишдилар.

 

ЎзССП Ахборот ҳизмати