25.12.2017 2253

Тошкентда Ўзбекистон-Туркия бизнес-форуми бўлиб ўтди


Туркия Савдо палаталари ва товар биржалари уюшмасининг президенти раҳбарлигида Туркия Республикаси ишбилармон доиралари делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида мамлакатимиз Савдо-саноат палатаси томонидан 25 декабрь куни ўзбек ва турк компаниялари иштирокида Ўзбекистон-Туркия бизнес-форуми ташкил этилди. Ушбу тадбир ишбилармон ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек қўшма корхоналарни ташкил этиш мақсадида чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун қўшимча туртки вазифасини ўтади.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад ўзбек ва турк компаниялари ўртасида савдо алоқалари йўлга қўйилишини қўллаб-қувватлаш, янги қўшма корхоналарни ишга тушириш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини кўриб чиқишдан иборат бўлди.

Бизнес-форум ўзбек ва турк томонларининг маърузаларини тинглаш шаклида ўтказилди. Ишбилармон учрашув чоғида икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Форум давомида қайд этилганидек, мазкур учрашув икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари масалалари борасида ўзаро фикр алмашуви учун қулай имконият ҳисобланади. Шу билан бирга, суҳбат чоғида савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари ҳам батафсил муҳокама қилинди. Хусусан, икки давлатнинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти намойиш этилиб, янги босқичдаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.

Томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва чуқур қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича комплексларни қуриш, тўқимачилик ва чарм-қайта ишлаш саноатида замонавий қўшма корхоналарни ташкил этиш, жумладан, пахта толаси ва чарм хомашёсини қўшма чуқур қайта ишлаш, фармацевтика соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш орқали тайёр брэнд маҳсулотларини ташқи бозорларда илгари суришни йўлга қўйиш масалаларини кўриб чиқдилар. Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Туркиянинг ўзаро ҳамкорликка бўлган интилиши икки давлат тарихида келажак сари қўйилган муҳим қадам саналади.

Айтиш жоизки, Туркия Ўзбекистоннинг муҳим савдо ҳамкори ҳисобланади. 2016 йил якунлари бўйича ўзаро савдо айланмаси 1,2 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг 9 ойи давомида ўзаро савдо айланмаси хажми 29%га ўсди.

Ҳозирда мамлакатимизда 500 га яқин турк фирма ва компаниялари фаолият юритади. Фақатгина 2016 йилнинг ўзида республикада турк капитали иштирокида 20 дан ортиқ корхона ташкил этилиб, 53 та компаниянинг ваколатхонаси аккредитациядан ўтказилган.

Савдо саноат палатаси