26.01.2018 1294

Ҳакамлик судлари ва халқаро тижорат арбитражи фаолияти натижалари ва уларнинг ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди


Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мустақиллик йилларида хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаётган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди, давлат хизматлари кўрсатишнинг тўғридан-тўғри мулоқотсиз замонавий интерактив шакллари жорий этилмоқда, давлат билан ишбилар-монлар ўртасида тизимли мулоқот йўлга қўйилди, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрта синфини шакллантириш, мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромад-ларини оширишнинг энг муҳим омили сифатида кичик тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратилди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов очиб берар экан, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ижро этиш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган Ҳакамлик судлари томонидан 2017 йилда муайян ишлар амалга оширилганлигини таъкидлади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган 15 та Ҳакамлик судларининг судьялари рўйхатига 100 дан ортиқ юқори малакали мутахассислар киритилган.

Ҳакамлик судлари томонидан олиб борилаётган ишлар натижасида уларга даъво аризалари билан мурожаатлар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда.

Масалан, Ҳакамлик судлари томонидан 2007–2017 йиллар мобайнида  жами 10446 та ишлар кўрилган бўлиб, даъво суммаси 503,5 млрд. сўм, 54,2 млн. АҚШ доллари, 195,1 минг Еврони ташкил қилган.

2017 йилда Ҳакамлик судлари томонидан 2465 та ишлар кўрилган бўлиб, даъво суммаси 114,2 млрд. сўм, 5,4 млн АҚШ долларини ташкил қилган. Бу 2016 йилда кўрилган ишлар сонига нисбатан 1204 тага кўпдир.

Хакамлик суди фаолияти билан яқиндан таниш М.Ходжаев хакамлик судлари хақида шундай фикр билдирдилар: “Капиталбанк” АТБ 2011 йилдан буён вужудга келган низоларни ҳал қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб келмоқда. Буни рақамлар мисолида оладиган бўлсак, банк даъвогарлигида 2011 йилдан ҳозирги кунга қадар Ҳакамлик суди томонидан жами 110 та иш кўриб чиқилган шунингдек банк жавобгар бўлган 6 та иш кўриб чиқилган.Нима сабабдан банк Ҳакамлик судини танлади деган савол бўлиши мумкин. Бунга сабаб: Биринчидан, Ҳакамлик судида низо қисқа муддат ичида кўриб чиқилади. Даъвогар ҳакамлик судига даъво аризаси берган вақтдан эътиборан ҳакамлик муҳокамаси узоғи билан бир ойгача бўлган муддат ичида кўриб чиқилади. Иккинчидан, Ҳакамлик судининг камчиқимлиги. Хусусан, фуқаролик судларида давлат божи даъво баҳосининг 2 %, иқтисодий судларда 1 % миқдорида белгиланган. ЎзР ССП ҳузуридаги Ҳакамлик суди мисолида оладиган бўлсак, унда ҳакамлик йиғими даъво баҳосининг 0,5 % ташкил қилиб, даъвогар Савдо-саноат палатаси аъзоси бўлган тақдирда ушбу ҳакамлик йиғимининг 75 %ни тўлайдилар, шунингдек ҳакамлик муҳокамаси ҳакамлик суди судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилганда йиғим яна 25 %га камайтирилади. Ушбу ҳолатда бундай харажатлар жавобгар зиммасига юклатилишини инобатга оладиган бўлсак, банк ўзининг мижози молиявий жиҳатдан қийин аҳволда қолмаслиги учун ҳам ҳакамлик судига мурожаат қилади. Мисол: 2017 йилнинг август ойида банк қарздор ташкилотга нисбатан 9 000 000 000 сўм миқдоридаги кредит қарздорликни ундириш юзасидан ҳакамлик судига мурожаат қилди. Банк даъвогар сифатида 14 977 500 сўм миқдорида ҳакамлик йиғимини тўлади. Агар банк ваколатли судга мурожаат қилганида эса 90 000 000 сўм миқдорида давлат божи тўлаган бўлар эди. Ўз навбатида ушбу катта маблағни банкнинг мижози бўлган қарздор ташкилотнинг зиммасига юкланарди. Натижада банк мижозининг суд харажатлари 75 млн сўмга қисқарди. Учинчидан, Ҳакамлик муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, ундаги маълумотлар ошкор этилмайди. Бу эса ўз навбатида тижорат сирларининг ошкор бўлмаслигини ёки унинг нуфузига путур етмаслигини таъминлайди. Тўртинчидан, Ҳакамлик суди ҳал қилув қарори узил-кесил ҳисобланиб, у ваколатли судлар томонидан қайта кўриб чиқилмайди. Хусусан, ФПК ва ИПКда суд ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёхуд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмаслиги белгиланган. Бешинчидан, Ҳакамлик судининг моддий техника базаси мавжудлиги, суд залининг шинамлиги билан қулай бўлиб, ҳакамлик судьялар ва ҳакамлик суди ходимларининг  профессионаллиги, тарафларни келишувга эришишига кўмаклашиши ва хушмуомалалиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Олтинчидан, Ҳакамлик судида иш ҳажми меъёр даражасида бўлганлиги сабабли ҳар бир ишга алоҳида ёндашиб батафсил кўриб чиқилади ҳамда сифатли ҳал қилув қарорлари қабул қилинади.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тизимида ҳар ойнинг сўнгги сешанбаси «Ҳакамлик суди» куни деб белгиланган бўлиб, мақсад тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш, палата аъзолари ва ходимларнинг бу борадаги ҳуқуқий билимларини оширишдир.

Хисобот даврида ўтказилган семинарларда “Ўзбекистонда халқаро тижорат арбитраж судини ташкил қилиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чоралар”, “Тижорат арбитражи: тушунчаси, принциплари ва афзалликлари”, “Халқаро тижорат арбитражларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш тизимини такомиллаштириш”, “Арбитраж битими (арбитраж шарти) – тушунчаси ва ҳуқуқий табиати”, “Халқаро тижорат арбитражларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш бўйича иқтисодий судларнинг амалиёти”, “Халқаро тижорат арбитражининг юрисдикцияси – аҳамияти ва тўғри танлашнинг муҳимлиги” каби мавзуларда маърузалар қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси хузуридаги Халқаро тижорат арбитраж суди раиси Ф.Отахонов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж суди ҳам фаолият юритиб келаётганлигини таъкидлаб,халқаро тижорат арбитраж суди томонидан у ташкил қилинган кундан ҳозиргача даъво суммаси 1 844 388,96 АҚШ доллари бўлган 6 та низони кўриб чиқилганлигини, шулардан биттаси (188 600,42 АҚШ доллари) бўйича иш юритиш тугатилганлиги, биттаси (820 043,10 АҚШ доллари) бўйича иш юритиш тўхтатилган, 4таси бўйича ҳал қилув қарори қабул қилиниб, жавобгарлардан жами 808 535,48 АҚШ доллари ундирилганлигини маълум қилди.

Қайд этиш лозим, халқаро тижорат арбитраж судига келиб тушган низолар бўйича даъвогар сифатида Беларусь Республикаси, Қозоғистон, Ўзбекистон ва жавобгар сифатида Ўзбекистон, Хитой, Дания, Германия компаниялари иштирок этганлар.

Йиғилишда тадбиркорлик субъектлари, юридик шахсларнинг юрисконсультлари, халқаро экспертлар иштирок этиб, бу каби тадбирлар ҳакамлик ва арбитраж муҳокамасини такомиллаштириш ва унинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, бизнеснинг, жумладан, чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари самарали муҳофаза қилиниши, мазкур соҳага оид миллий тажрибани чет элда кенг тарғиб этилиши йўлида хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

 

ЎзССП Ахборот хизмати