29.01.2018 2371

Миллий ҳунармандчилик ва амалий санъат маҳсулотлари кўргазмаси


Жорий йилнинг 28 январь куни пойтахтимиздаги Миллий либослар галереясида халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати маҳсулотларининг кўргазмаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси халқ усталари, ҳунармандлари ва мусаввирлари “Ҳунарманд” уюшмаси Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ўтказилган кўргазмада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан ташриф буюрган уста-ҳунармандлар ўзлари яратган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари билан иштирок этишди.

Ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган миллий ҳунармандчилик маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорлардаги савдосига кўмаклашиш, уларни хорижий давлатларда ўтказиладиган халқаро миқёсидаги кўргазма ва фестивалларга кенг жалб қилиш, чет элларда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўконлар ва савдо уйларини ташкил қилиш мақсадида ўтказилган кўргазмада мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари, хорижий давлатларнинг мамалакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчилари, шунингдек, Ўзбекистоннинг жорижий давлатлардаги фавқулодда ва мухтор элчилари,  турли ташкилот ва идоралар ходимлари, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар.

Кўргазмада ёғоч ўймакорлиги, миниатюра, зардўзлик, заргарлик, миллий либослар, кулоллик, кандакорлик каби 20 дан ортиқ йўналишлардаги амалий санъат маҳсулотлари намойиш этилди.

Шунингдек, кўргазма доирасида турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Ўзбекистонлик дизайнер-ҳунармандлар иштирокида миллий либослар намойиши ташкил этилди.  “Уста-шогирд” мактаби анъаналари асосида ҳунар ўрганган ёш ҳунармандлар ва маҳоратли усталар томонидан миллий ҳунармандчилигимизнинг турли йўналишларида маҳорат дарслари намойиш этилди.

Ҳунармандчиликни ривожлантириш йўлидаги мавжуд муаммо ва тўсиқларни тизимли бартараф этиш, Ўзбекистон халқларининг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини тўлиқ сақлаб қолиш ва янада бойитиш, ҳунармандчиликни кенг миқёсда қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳунармандчилик билан шуғулланишга аҳолини, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни жалб қилишга рағбатлантириш мақсадида 2017 йилнинг 17 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва “Ҳунарманд” уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3393-сонли  Қарори қабул қилинди.

Фармон билан республикада миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ер майдонлари ва бинолар ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш, имтиёзли кредитлар бериш, ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиш ва экспорт қилиш, шунингдек, республикамизнинг туман ва шаҳарларида ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини ташкил этиш ва «Уста-шогирд» мактаблари фаолиятини такомиллаштириш ишлари белгиланди.

Шу билан бир қаторда, ҳунармандларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, шу жумладан, банк ҳисобрақамларидан чет эл валютасини нақд шаклда ечиб олиш ҳуқуқи берилди.

 

ЎзССП Ахборот хизмати