15.02.2018 254

Матбуот анжумани ўтказилди


15 феврал куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги Фармони ижроси ҳамда 2017 йилда тадбиркорлик субъектлари хуқуқларини химоя қилиш бўйича Палатага қилинган мурожаатлар ва уларга курсатилган хуқуқий ёрдам" мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирни Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов очиб берди ва мамлакатимизда рўй бераётган кенг ислоҳотларнинг ва хукуматимиз томонидан қабул қилинаётган меёрий хукукий хужжатларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари муҳофазаси кафолатлари кучайиши, бизнесни ташкил этиш ва юритишда ҳар томонлама кўмак кўрсатилиши, сифатли давлат хизматларини тақдим этилиши, ҳамда бизнес-муҳити яхшиланиши, тадбиркорликнинг жадал ривожланиши, чет эл инвестицияларининг кенг жалб қилиниши ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулоти ташқи бозорларга чиқишига кенг имкониятлар яратиб берилаётганини таъкидлаб ўтди.

Матбуот анжумани давомида Раиснинг биринчи ўринбосари И.Жасимов маърузаси тингланди, унда аҳолини тадбиркорлик фаоллигини янада ошириш ва уларнинг ўз бизнесини бошлашга даъват этиш, тадбиркорлик фаолиятининг барча босқичларида юзага келаётган муаммоларни ортиқча тўсиқларсиз ҳал этишга қаратилган бозор инфратузилмасини барқарор ишлашини мувофиқлаштирувчи амалий механизмларни  яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳисобот даврида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19-июнида қабул қилинган №5087-сонли Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан моҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги Фармонига мувофиқ ўзига юклатилган вазифалар ва берилган ваколатлардан келиб чиққан ҳолда Палата ўз фаолиятини мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб вазифалари ва асосий йўналишларини амалга оширишга қаратди.

Жумладан, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида жорий ҳисобот даврида Палата раҳбарияти ўзининг асосий эътиборини тадбиркорлик субъектларини, айниқса ўз фаолиятини йўлга қўйиш даврида уларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини яратиш, уларнинг хуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли муҳофазасининг кафолатларини кучайтириш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг устувор роли ва дахлсизлигини таъминлаш борасида самарали тизим яратишга қаратди.

Хусусан, жами 339 та қонун бошқа меъёрий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди ва 139 та лойиҳалар бўйича тадбиркорлик фаолияти ривожига тўсқинлик қилувчи ёки чекловчи меъёрий-хуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни бекор қилиш зарурияти тўғрисида тавсиялар баён этилган ҳулоса тайёрланди ҳамда қонунчилик ва ижро этиш ҳокимияти органларига тақдим этилди.

Меъёрий-хуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш мақсадида кўп йиллик тажрибага эга, ўз соҳасининг мутахассиси бўлган тадбиркорлик субъектлари, ҳамда тегишли малакага эга бўлган вазирлик ва мутасадди идора вакиллари ва тадбиркорлардан иборат Эксперт кенгашлари қуйидаги йўналишларда ташкил этилди ва улар томонидан турли мавзуларда жами 27-та Эксперт кенгашлари ўтказилди. Эксперт кенгашлари бўйича муаммо ва таклифлар юқори турувчи органлар, хусусан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Бизнес Омбудсманга юборилиб, кенгашларда кўтарилган масалалар ижобий ҳал этилиб келинмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари манфаатларини хуқуқий ҳимоясини таъминлаш

Тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Фармонга кўра Палата фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланган. Бу борада тизимли равишда ишлар олиб борилиб, қуйидаги натижаларга эришилди. Палата Ижро Қўмитаси ва ҳудудий тузилмалари томонидан Палата аъзолари манфаатида жами 44 059 та даъво аризалари киритилди, шундан: 34 366 таси қаноатлантирилган, 217 таси бўйича рад этилган, қолганлари эса хозирда судларда кўрилмоқда; 565 та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келган низолар судгача низони ҳал этиш (медиация) жараёнида ҳал этилган.

Тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширувларда ҳуқуқий ҳимоялаш

Назорат қилувчи органлар томонидан 2017 йилда жами 4837 та тадбиркорлик субъектида ўтказилган режали текширишларда Палата ходимлари томонидан жами 3799 та сида мониторинг юритилди.

Ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш соҳасида

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари бири бу Палатанинг ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш соҳасидаги муҳим вазифаларидан бири сифатида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳити ва инвестиция муҳитини шакллантириш бўйича давлат дастурлари, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этишдир. Ушбу йўналишда ҳисобот даврида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 145 та туман (шаҳар)да маҳаллалар кесимида бўш турган ёки тўла қувватда фойдаланилмаётган бино-иншоотлар ва ер майдонлари хатловдан ўтказилди ва улардан фойдалиниш бўйича 22 минг ортиқ иш ўрнига мўлжалланган лойиҳалар ишлаб чиқилди.

Тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиши соҳасида

Палата жорий ҳисобот даврида тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш соҳасида, жумладан тадбиркорлик субъектларига бизнесни ташкил этиш, юритиш ва янада ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатиш, давлат органлари ва бозор инфратузилмаси субъектлари хизматларидан фойдаланиш бўйича имкониятлар ва шароитлар яратиш, маслаҳат ёрдами ва ахборот таъминотини тақдим этиш каби вазифалари устида тизимли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Палата ИҚ таркибий бўлинмалари 12 хил ва унинг худудлардаги ТКМлари 30 хил пулли ва пулсиз хизматларини ҳозирда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига, айниқса янгидан ўз бизнесини бошлаётган тадбиркорларга тақдим этиб, уларни Палата сафига қабул қилиш устида иш олиб борилди.

Палата қошида жами 6 та ўқув марказлари, хусусан  Қорақалпоғистон Республикасида, Қашқадарё, Наманган, Бухоро, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларида нодавлат таълим муассасалари  ташкил этилган бўлиб, 2017 йилда жами 3 883 та фаолият юритаётган тадбиркорлар ва тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган фуқаролар тадбиркорлик асослари бўйича ўқитилди.

Германия халқаро хамкорлик маркази молиявий кўмагида 27 нафар тадбиркорлик субъектлари вакиллари “Бошқарув кадрларини тайёрлаш дастури” доирасида Германияда ташкил этган хорижий амалиётда иштирок эттилар

Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини ошириш ва экспортга кўмаклашиш борасидаги ишлар бўйича

Хорижий давлатлар, биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан иқтисодий алоқаларни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш чоралари амалга оширилди. Шулар қаторида:

- чет эл капитали иштирокида 30 та қўшма корхона ва 39 та хусусий ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этишда ёрдам кўрсатилди ҳамда тадбиркорлик субъектларига замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналарни олиб киришда фаол иш олиб борилди;

231 та корхонага умумий қиймати 112 млн. АҚШ долларига тенг мини-технологиялар ва ускуналарни топиш ва харид қилишда бевосита ёрдам кўрсатилди;

215 та маҳаллий тадбиркорлик субъектларига жами 59,0 млн.доллар миқдорида ўз маҳсулотларини хорижий давлатларга экспорт қилишга кўмаклашилди;

- Ташқи ишлар вазирлиги ва Ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда Қозоғистон, Тожикистон, Латвия, Қирғизистон ва Татаристонда “Ўзбек миллий товарлари кўргазмаси” ўтказилиб, умумий қиймати 63, 552 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 138 та ҳужжат имзоланди;

22 та халқаро кўргазма ва ярмаркаларда ССП аъзоларининг иштироки таъминланди ва умумий қиймати 20,917 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 146 та ҳужжат имзоланди;

- Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Чехия, Швеция, Белгия, Эстония, Германия, Греция, Туркиянинг ишбилармон доиралари ташрифлари амалга оширилиб 21 та бизнес-форумлар ташкил этилди ва улар натижасида Ўзбекистонда 10 та қўшма корхоналарни ташкил этиш ва бошқа бир катор  келишувларга эришилди.

Таъкидлаш лозимки, чет эл давлатларида Ўзбекистон тадбиркорлари иштирокида 9 та бизнес форуми ташкил этилди.

И.Жасимов ўз маърузасининг сўнгида жорий йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоя ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланганлиги айнан фаол тадбиркорларни, яъни рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган ишбилармон инсонларни қўллаб-қувватлаш Палатанинг устувор вазифаси этиб белгиланиши зарурлигини таъкидлади.

ССП Ахборот хизмати