16.02.2018 781

“ҲАКАМЛИК МУҲОКАМАСИНИНГ АФЗАЛЛИКЛАРИ” мавзуида семинар-тренинг бўлиб ўтди.


Ўзбекистон  Республикаси Савдо-саноат палатаси Ижроия қўмитасининг ҳакамлик судлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қарорлари ижроси юзасидан 2018 йил 14 февралда Жиззах ва Гулистон шаҳарларида  “Ҳакамлик муҳокамасининг афзалликлари” мавзусида семинар-тренинглар ўтказилди.

Семинар-тренингларда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик суди судъялари, Жиззах ва Сирдарё вилоят  ҳудудий бошқармалари масъул ходимлари иштирок этдилар.

Тренингларда таъкидланганидек ҳакамлик муҳокамаси қуйидаги афзалликларга эга: тежамкорлик; низони тезкорлик билан кўриб чиқиш; ҳакамлик судьяларини мустақил танлаш ва низони ҳал қилиш тартиб-таомилини мустақил белгилаш имконияти мавжудлиги; келишув битимига эришиш ва ҳамкорлик муносабатларини сақлаб қолишга шароит яратиш; ҳакамлик муҳокамаси маълумотларининг ошкор қилинмаслиги;  ҳакамлик судининг ҳал қилув қарориларининг аксарияти (90 фоизига яқини) ихтиёрий равишда ижро қилиниши, шунингдек уларни мажбурий ижро этиш механизми мавжудлиги.

Бундан ташқари ҳакамлик йиғими миқдори даъво суммасининг 0,5 фоизини ташкил қилади, бу эса давлат божи суммасидан – иқтисодий судлардагидан 2 баравар, фуқаролик ишлари бўйича судлардагидан 4 баравар камдир, шунингдек Палата аъзолари ҳакамлик судига имтиёзли асосда мурожаат қилишлари мумкин, яъни улар учун ҳакамлик йиғимининг миқдори тўланиши лозим бўлган сумманинг 75 фоизини ташкил қилади.

Шунга қарамай Палатанинг Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Ҳакамлик судлари томонидан 2017 йилда кўрилган ишлар сони 2016 йилга нисбатан камайган.

Тренинглар иштирокчилари Ҳакамлик судларининг қониқарсиз фаолият юритишига олиб келган сабаблари тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Хусусан, Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги Ҳакамлик суди учун шароит яратилмаган, яъни масъул котиб тайинланмаган, алоҳида хона ва керакли техника воситалари ажратилмаган, ҳакамлик судъялари рўйхатига фақатгина 4 та мутахассис киритилган,  Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги Ҳакамлик судида ҳакамлик муҳокамаси афзалликларни тарғиб қилувчи тарқатма материаллар мавжуд эмас, ҳакамлик суди жойлашган манзил тўғрисидаги ахборот бинони ташқи тарафига жойлаштирилмаган.

Ҳакамлик суди ўз фаолиятини қонунийлик, мустақиллик, ҳакамлик муҳокамаси маълумотларининг ошкор қилинмаслиги, ҳакамлик судьяларининг холислиги, диспозитивлик, ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги каби приципларига риоя қилган ҳолда амалга оширади.

Ҳакамлик судларида низоларни тезкор, қонуний, адолатли ҳал қилиш кўп жиҳатдан ҳакамлик судьяларининг билим даражаси, амалий тажрибасига боғлиқлигига эътибор қаратилиб, уларнинг малакасини оширишнинг долзарб муаммолари тадбир иштирокчилари томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Семинар-тренинглар иштирокчилари томонидан  ҳакамлик муҳокамасининг  афзалликлари тарғиботини кучайтириш, ҳакамлик судлари ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ваколатли судлар билан ҳакамлик судлари  ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, ҳакамлик судьялари ва ҳакамлик судьялигига номзодларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, низоларни қўриб чиқиш бўйича хакамлик судьялари ўртасида тажриба алмашиш, ҳакамлик судлари  хал  қилув  қарорлари  ижросини таъминлаш  каби масалалар бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

 

ССП Ахборот хизмати