21.02.2018 1538

СЕМИНАР-ТРЕНИНГ “ҲАКАМЛИК СУДИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ”


Ўзбекистон  Республикаси Савдо-саноат палатаси Ижроия қўмитасининг ҳакамлик судлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қарорлари ижроси юзасидан 2018 йил 20 февралда Ургенч шаҳарида  “Ҳакамлик суди фаолиятини ташкил қилиш” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Семинар-тренингда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик судининг раиси,  Хоразм вилоят  ҳудудий бошқармаси масъул ходимлари иштирок этдилар.

Тренингда ҳакамлик суди - фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи иқтисодий низоларни ҳал этувчи нодавлат орган бўлиб,  юридик шахс мақомига эга эмаслиги; доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди юридик шахс томонидан ташкил этилиши мумкин ва унинг ҳузурида фаолият кўрсатиши; у ўз номи ёзилган бланка ва юмалоқ муҳрга, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳисоб-китоб варақлари, валюта ҳисобварақларига ҳамда бошқа банк ҳисобварақларига эга бўлиши мумкинлиги; адлия бошқармалари тегишли ҳудудларда доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ҳисобини рўйхатдан ўтказиши амалга ошириши таъкидланди.

Шунингдек, тренинг иштирокчиларининг эътибори доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ташкил этган юридик шахс унинг ҳисобини рўйхатдан ўтказишни амалга ошириш учун адлия органига ҳакамлик судьялари дипломлари ва меҳнат дафтарчалари (мавжуд бўлганда) тақдим қилиши ҳамда адлия органлари томонидан  уларнинг нусхалар олиниб, асли қайтариб берилиши лозимлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 декабрдаги 1001-сонли қарори билан белгиланганлигига қаратилди. Илгари мазкур ҳужжатларнинг нотариус томонидан тасдиқланган нусхалари тақдим қилиниши лозим эди.

Тренинг иштирокчилари томонидан палатанинг Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги Ҳакамлик судининг икки йилдан буён фаолият юритмаётганлиги сабаблари атрофлича муҳокама қилинди ҳамда ҳакамлик судьялари рўйхатини юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш, ҳакамлик судининг низомлари ва регламентининг янги таҳририни муҳокама қилган ҳолда тасдиқлаб, адлия органларига юбориш мақсадга мувофиқлиги қайд қилинди.

 

ЎзССП ахборот ҳизмати