27.02.2018 829

СЕМИНАР-ТРЕНИНГ “ҲАКАМЛИК СУДИ ФАОЛИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛЛАРИ”


Ўзбекистон  Республикаси Савдо-саноат палатаси Ижроия қўмитасининг ҳакамлик судлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қарорлари ижроси юзасидан 2018 йил 26 февралда Тошкент вилоятида  “Ҳакамлик суди фаолиятини ривожлантириш йўллари” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Семинар-тренингда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик судининг раиси,  Тошкент вилоят  ҳудудий бошқармаси масъул ходимлари иштирок этдилар.

Тренингда ҳакамлик муҳокамаси қуйидаги афзалликларга алохида эътибор қаратилди: тежамкорлик; низони тезкорлик билан кўриб чиқиш; ҳакамлик судьяларини мустақил танлаш ва низони ҳал қилиш тартиб-таомилини мустақил белгилаш имконияти мавжудлиги; келишув битимига эришиш ва ҳамкорлик муносабатларини сақлаб қолишга шароит яратиш; ҳакамлик муҳокамаси маълумотларининг ошкор қилинмаслиги;  ҳакамлик судининг ҳал қилув қарориларининг аксарияти ихтиёрий равишда ижро қилиниши, шунингдек уларни мажбурий ижро этиш механизми мавжудлиги.

Бундан ташқари ҳакамлик йиғими миқдори даъво суммасининг 0,5 фоизини ташкил қилиши, бу эса давлат божи суммасидан – иқтисодий судлардагидан 2 баравар, фуқаролик ишлари бўйича судлардагидан 4 баравар камлиги, шунингдек Палата аъзолари ҳакамлик судига имтиёзли асосда мурожаат қилишлари мумкинлиги, яъни улар учун ҳакамлик йиғимининг миқдори тўланиши лозим бўлган сумманинг 75 фоизини ташкил қилиши таъкидланди.

Шуларга қарамай Палатанинг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги Ҳакамлик суди охирги икки йилда ўз фаолиятини тўхталганлиги ачинарли ҳол бўлиб, шундай катта салоҳиятга эга бўлган вилоят учун қулай имкониятдан етарли равишда фойдаланилмаганлиги қайд этилди.

Тренинглар иштирокчилари Ҳакамлик судининг фаолият юритмаганлиги сабаблари тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Хусусан,  Ҳакамлик суди учун ижарага олинган бинода шароит яратиш имконияти мавжуд эмас, тадбиркорлик субъектларини ҳар куни қабул қилиш учун масъул котиб тайинланмаган, алоҳида хона ва керакли техника воситалари ажратилмаган, ҳакамлик судъялари рўйхатига фақатгина иккита мутахассис киритилган,   ҳакамлик муҳокамаси афзалликларни тарғиб қилувчи тарқатма материаллар тайёрланмаган, Ҳакамлик суди жойлашган манзил тўғрисидаги ахборот бинони ташқи тарафига жойлаштирилмаган.

Семинар-тренинг якунида Ҳакамлик суди рўйхатига 9 та, шу жумладан, бошқарма бошлиғи ва унинг ўринбосарлари ҳам бошқа юқори малакали мутахассислар киритилди, Ҳакамлик судининг янги таҳрирдаги Регламенти ва низомларини тайёрлаш учун масъул шахслар тайинланди.

 

ЎзССП Ахборот хизмати