01.03.2018 1077

“ҲАКАМЛИК СУДЛАРИ: МУАММОЛАР ВА ЕЧИМЛАР” МАВЗУИДА ВИДЕОКОНФЕРЕНЦИЯ ЎТКАЗИЛДИ


Мамлакатимизда тадбиркорлик, тижорат ва хусусий секторга нисбатан муносабатларни тубдан ўзгартириш, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилинишига йўл қўймаслик, қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими шакллантирилди ва унинг ташкилий механизми такомиллашиб бормоқда. Бу борада низоларни муқобил ҳал этишда асосий нодавлат орган сифатида фаолият юритиб келаётган Ҳакамлик судларининг ўзига хос ўрни бор.

Шунинг учун ҳам ЎзР ССП Ижроия қўмитасининг қарори  билан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш, палата аъзолари ва ходимларининг бу борадаги ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида Палата тизимида ҳар ойнинг сўнгги сешанба куни "Ҳакамлик суди" куни деб белгиланган.

Шу муносабат билан 2018 йил 27 февраль куни Палата раисининг биринчи ўринбосари И.К.Жасимов раислигида видео-конференция ташкил қилинди. Унда палата тизимидаги барча Ҳакамлик судларининг судьялари, Палатанинг ҳудудий бошқармаларга бириктирилган масъул ходимлари, матбуот хизмати ва ҳудудий бошқармалар бошлиқлари, юридик бўлим ходимлари иштирок этишди.

Видео-конференцияда Жиззах, Сирдарё, Хоразм ва Тошкент вилоятлари ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Ҳакамлик судлари фаолиятини ташкил қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотлари тингланди.

Мазкур Ҳакамлик судларида ўтган икки йил давомида умуман ишлар кўрилмаганлиги ёки уларнинг сони камайиб бораётганлигининг сабаблари жойларга чиқиб ўрганилганда қуйидагилар аниқланган. Бошқармалар ижарага олинган биноларда жойлашганлиги сабабли Ҳакамлик судлари учун етарли даражада шароит яратилмаган, алоҳида суд мажлиси зали ажратилмаган, штатлар жадвалига Ҳакамлик судининг масъул котиби лавозими киритилмаган, ҳакамлик муҳокамасининг афзалликларини тадбиркорларга тарғибот ва ташвиқот қилиш тизимли равишда йўлга қўйилмаган, низоларни ҳал қилиш бўйича медиация жараёнига ҳакамлик судъялари жалб қилинмаган.

Тадбирда сўзга чиққанлар юқоридаги камчиликларни баратараф қилиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Хусусан, ҳакамлик судлари тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва локал ҳужжатларнинг мазмуни, моҳияти  ва аҳамиятини кўргазмали воситалар орқали тушунтириш; тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келган низоларни ҳакамлик судларида ҳал қилишнинг афзалликлари ва ўзига хос хусусиятларини оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиш; ҳакамлик судлари билан иқтисодий суд ва фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамкорлигида семинарлар ташкил қилиш; ҳакамлик судлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари якдиллик билаг Ҳакамлик судлари ўз фаолиятини қонунийлик, мустақиллик, ҳакамлик муҳокамаси маълумотларининг ошкор қилинмаслиги, ҳакамлик судьяларининг холислиги, диспозитивлик, ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги каби приципларига риоя қилган ҳолда амалга оширишини эътиборга олиб, жорий йилда уларда кўриладиган ишлар сонини камида икки бараварга ошириш мақсадга деган хулосага келдилар.

 

ЎзССП Ахборот хизмати