05.03.2018 1401

Ўзбекистон -Туркия бизнес-форуми


Туркия Республикаси ишбилармон доиралари делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан 5 март куни ўзбек ва турк компаниялари иштирокида Ўзбекистон -Туркия бизнес-форуми ташкил этилди.

Ушбу тадбир ишбилармон ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек қўшма корхоналарни ташкил этиш мақсадида чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун қўшимча туртки вазифасини ўтади.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад ўзбек ва турк компаниялари ўртасида савдо алоқалари йўлга қўйилишини қўллаб-қувватлаш, янги қўшма корхоналарни ишга тушириш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини кўриб чиқишдан иборат бўлди.

Бизнес-форум ўзбек ва турк томонларининг маърузаларини тинглаш шаклида ўтказилди. Ишбилармон учрашув чоғида икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Форум давомида қайд этилганидек, мазкур учрашув икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари масалалари борасида ўзаро фикр алмашуви учун қулай имконият ҳисобланади. Шу билан бирга, суҳбат чоғида савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари ҳам батафсил муҳокама қилинди. Хусусан, икки давлатнинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти намойиш этилиб, янги босқичдаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.

Томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва чуқур қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича комплексларни қуриш, тўқимачилик, текстил саноатида замонавий қўшма корхоналарни ташкил этиш каби янги лойиҳаларни амалга ошириш орқали тайёр брэнд маҳсулотларини ташқи бозорларда илгари суришни йўлга қўйиш масалаларини кўриб чиқдилар. Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Туркиянинг ўзаро ҳамкорликка бўлган интилиши икки давлат тарихида келажак сари қўйилган муҳим қадам саналади.   

Айтиш жоизки, Туркия Ўзбекистоннинг муҳим савдо ҳамкори ҳисобланади. 2017 йил якунлари бўйича ўзаро савдо айланмаси 1 234,6 млн долларга етди.

Ўзбекистондан экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг асосий таркиби: мис ва мис маҳсулотлари, пахта толасидан ип, ишлов берилмаган рух (цинк), нефть маҳсулотлари, қуруқ мевалар, пахта, қисқа муддатларда сақлашга мўлжалланган консерваланган сабзавотлар. Импорт - санитария-гигиена, пластик маҳсулотлари, синтетик ип, электр сув иситиш жиҳозлари, прицеп ва ярим прицеплар, иморат қурилиш-монтаж ишлари учун темир, пўлат ва чўян қисмлари ва ҳ.к.

Ўзбекистонда туркиялик инвесторлар иштирокидаги 479 та корхона фаолият юритмоқда. Шунингдек, 53 турк компанияларининг ваколатхоналари рўйхатдан ўтган.

Тадбир сўнгида Халқаро Пресс клуб хамкорлигида Туркия делегацияси рахбари жаноб Хайдар Али Йилдиз ва Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси Раиси Алишер Курманов иштирокида пресс кофе ташкил этилди.

Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олдилар.

 

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Ахборот хизмати