28.03.2018 2479

Адҳам Икромов: Ўзбекистон Афғонистон учун муҳим стратегик савдо ҳамкоридир


26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида Афғонистон масаласига бағишлаб, ўтказилган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро конференцияси ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Туркия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ташқи сиёсий маҳкамалари раҳбарлари, 25 давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Афғонистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан биридир. Тошкент конференцияси эса, икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларини кучайтириш имконини беради. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов Афғонистонда тинчлик ўрнатишга бағишланган халқаро конференция доирасида берган интервьюсида шундай фикрларни билдирди. 

“Тошкент конференцияси Ўзбекистон-Афғонистон ўртасидаги савдо алоқаларини янги босқичга олиб чиқишда муҳим ўрин тутади. Мисол учун, айтиш мумкинки, биринчилардан бўлиб Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни йўлга қўйган Ўзбекистон 2018 йилда электр энергияси етказиб беришни 30 фоизга оширади. 

Агар мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг диверсификациялашувига тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистон Афғонистоннинг стратегик савдо ҳамкорларидан бири сифатида турли номдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, буғдой, металл, енгил ва тўқимачилик саноати маҳсулотларини етказиб беради”, - деди ССП раиси. 

Адҳам Икрамов, шунингдек Ўзбекистонда афғон бизнеси иштирокида қанча тадбиркорлик субъектлари фаолият юритишига ойдинлик киритди. 

“Ўзбекистон бозори афғонистонлик тадбиркорлар учун ҳам манфаатлидир. Бугунги кунда, мамлакатимизда 110та корхона афғон сармояси иштирокида фаолият юритаётган бўлса, шундан 20таси тўлиқ афғон капитали ҳисобига барпо этилган. Улар Ўзбекистон ҳудудида муваффақиятли ишламоқда”. – деди Адҳам Икромов. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Ўзбекистон Афғонистонга маҳсулотлар экспорти ҳажмини 3 млрд АҚШ долларигача етказишни мақсад қилаётгани ҳақида баёнот берган эди. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда Афғонистоннинг импорт бозори 6,5 млрд долларни ташкил этади. Ўзбекистон эса, истиқболда жанубий қўшнисига ушбу ҳажмнинг тенг ярмини етказиб бериши мумкин. 

Маълумотларга кўра, 2017 йилда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида ўзаро савдо айланмаси 617 млн АҚШ долларини ташкил этган. Бу 2016 йилдагидан 18,7 фоизга кўпдир. Бунда эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистоннинг Афғонистонга экспорти 614,9 млн долларга тенг бўлди.

Вазирнинг қайд этишича, Ўзбекистон ва Афғонистон ўзаро товар айланмасини яқин истиқболда 1,5 млрд долларга етказишга келишиб олган.

Ҳалқаро конференция иштирокчилари «Тошкент декларацияси»ни қабул қилиб, Афғонистон масаласини ҳал қилишда баҳамжиҳат ҳаракат қилишни таъкидладилар.

 

#UzAfg2018