12.04.2018 3951

Бизнес ҳамжамият ва давлат ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш – барқарор инвестиция муҳити кафолатидир


Минтақаларга инвесторларни қандай қилиб жалб этиш мумкин ва улар учун қандай шарт-шароитлар яратиш зарур? Молия тузилмаларига бўлган ишонч даражасини қандай қилиб ошириш керак? Бу жараёнда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг роли қандай? “Иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш ва мамлакат минтақаларининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш: мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари шу ва бошқа масалаларга жавоб изладилар.

2018 йил 12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур анжуманда манфаатдор вазирлик ва идоралар, вилоят ҳокимликлари мутасаддилари, эркин иқтисодий зоналар раҳбарлари, шунингдек 25 та хорижий мамлакат вакиллари, шу жумладан дипломатик миссиялар, халқаро ташкилотлар ва бизнес тузилмалар вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, ҳозирги вақтда Ўзбекистон замон талабларига жавоб берадиган кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш босқичида турибди. Иқтисодиётни янада эркинлаштиришга, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва диверсификациялашга, жойларда тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган қонунлар, фармонлар ва қарорлар қабул қилинди ҳамда улар изчил ижро этилмоқда. Олиб борилаётган ислоҳотлар тадбиркорлик фаолиятини юритиш, рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш, лицензиялар олиш билан боғлиқ жараёнларни соддалаштиришга, умуман олганда, давлат томонидан бошқарувни камайтиришга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, ишлаб чиқаришнинг янги турларини яратиш, иш ўринларини ташкил этиш борасида ҳокимларнинг, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг фаоллигини ошириш зарурлиги ҳақида сўз юритилган эди. Сармоядорлар учун жойларда яратилган шарт-шароитлар бўйича рейтингни эълон қилиб бориш, ҳудудлар раҳбарларининг фаолиятини мазкур кўрсаткичлар асосида баҳолаш таклиф этилган эди.

Буларнинг барчаси, пировардида, мамлакат иқтисодиёти тармоқларига ва ҳудудларига хорижий инвестициялар жалб қилишни янада рағбатлантиришга қаратилган. Бу 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалардан бирини бажариш, яъни инвестиция муҳитини яхшилаш орқали амалга оширилади. Шу билан бирга, мазкур устувор вазифанинг бажарилиши БМТнинг барқарор иқтисодий ўсишни, янги иш ўринлари ташкил этишни ва Ўзбекистон аҳолисининг турмушини яхшилашни назарда тутувчи Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш имконини беради.

Маълумки, қулай инвестиция муҳитини яратиш жараёни амалиётдаги долзарб муаммоларни аниқлашдан бошланади. Айнан шу мақсадда 2018 йил 25 март – 5 апрель кунлари Олий Мажлис Сенати томонидан Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда маҳаллий ҳокимият органлари, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари вакиллари, шунингдек тадбиркорлар орасида Ўзбекистон Республикаси минтақалари кесимида тадбиркорлик фаолиятини юритиш шарт-шароитлари тўғрисида сўров ўтказилди. Сўров натижалари конференция мобайнида намойиш этилди.

Мазкур сўров кўрсатишича, олиб борилаётган ислоҳотлар тадбиркорлар томонидан тўла қўллаб-қувватланмоқда ҳамда уларнинг хоҳиш-истагига ва бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадларига мос келади. Бундан ташқари, амалиётнинг кўрсатишича, ҳокимият ва бизнес ҳамжамият вакиллари ўртасида очиқ, танқидий мулоқот ташкил этиш аниқланган муаммоларни тезроқ ҳал қилишда муҳим омил ҳисобланади.

Ҳокимият органлари, бизнес ҳамжамиятлар, етакчи халқаро консалтинг компаниялари ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари Ўзбекистон минтақаларида тадбиркорлик муҳитини ривожлантиришга кенг имконият берадиган ҳамда бу йўлда тўсиқ бўладиган масалаларни, шунингдек сўров якунлари бўйича аниқланган муаммоларни муҳокама қилдилар.

Тадбир чоғида ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш, шунингдек “бир дарча” принципи асосида сифатли хизматлар кўрсатиш бўйича замонавий тизимни шакллантириш, хорижий сармоядорлар ва чет эл инвестициясига эга корхоналар учун кафолатлар ҳамда имтиёзларни кучайтириш муҳим экани қайд этилди.

Муҳокама якунлари бўйича бу соҳадаги ишларни янада такомиллаштиришга, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш бўйича зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқишга, ҳудудларни ривожлантириш ва Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни жалб қилиш йўлидаги долзарб муаммоларни бартараф этишга қаратилган тегишли тавсиялар қабул қилинди.