21.04.2018 3071

Самарқанд вилоятида ўтказилган Ўзбекистон-Тожикистон бизнес форуми доирасида ўзаро манфаатли шартномалар имзоланди.


Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон давлати ишбилармон доира вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Унинг тантанали очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев ва Тожикистоннинг Суғд вилояти раиси Р.Аҳмадзода, Ўзбекистон Савдоғсаноат палатаси раиси ўринбосари Ж.Ураков иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Бизнес-форумни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад икки давлатнинг умумий транспорт-коммуникациявий имконияти ва транзит салоҳиятидан тўла фойдаланиш орқали ўзаро товар айланмаси ҳажмини сон ва миқдор жиҳатидан ошириш, саноат маҳсулотлари миллий кўргазмасини ташкил этиш ҳисобига тадбиркорларимиз ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат.

Унда Тожикистоннинг 200 дан ортиқ ишбилармонлар ҳамда 200 га яқин махаллий йирик корхона ва компания вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида иштирокчилар учун икки мамлакатда инвесторлар учун яратилаётган шароит, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида муҳим маълумотлар берилиб, мавжуд иқтисодий имкониятлар тақдимоти ўтказилди.

Тожикистонлик ишбилармонларнинг ташрифи доирасида икки мамлакат тадбиркорлари учун кооперацион биржа хам ўтказилиб, унда ишбилармонлар ўзаро тажриба алмашиш, кўшма инвестицион лойихаларни амалга ошириш хамда манфаатли шартномаларни имзолаш имкониятига эга бўлдилар.

Форум доирасида шунингдек. Самарқанд вилояти ва Тожикистоннинг Суғд вилоятининг ишлаб чиқарувчи корхоналар. тадбиркорлар ва ҳунармандлар маҳсулотларининг кўргазмаси ташкил этилди.

Ўтказилган тадбирлар доирасида қарийб 104,0 млн АҚШ доллари миқдорида экспорт шартномалари имзоланди.


ЎзССП Ахборот хизмати